Макка музейидаги Мовий Қуръон
IQNA сайти маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 февраль куни Маккадаги Қуръон музейи Бақара сурасининг 37-оятининг охиридан 42-оятининг бошигача бўлган оятлари битилган Мовий Қуръоннинг ноёб нусхасини тақдим этди.
Ушбу Қуръон қўлёзмаси Ислом цивилизацияси тарихидаги энг ноёб ва энг улуғвор қўлёзмалардан бири ҳисобланади ҳамда унинг исломий Қуръон мероси ва қадимий, бадиий тарихининг бойлигини намойиш этади.
Қуръон соф олтин сиёҳ ва қадимги куфий ёзувида кўк фонда ёзилган бўлиб, Қуръон хаттотлиги гўзаллигини акс эттирувчи ноёб бадиий услубга эга.
Мовий Қуръон тарихи ҳижрий 3-асрга (милодий 9-аср) бориб тақалади, бу унга юқори тарихий ва илмий қиймат беради. Бундан ташқари, ушбу Қуръон илк ислом асрларида араб хаттотлиги ва безак санъатининг ривожланишидан далолат беради.
Мовий Қуръоннинг сақланиб қолган нусхалари бутун дунёда кам учрайди ва унинг саҳифалари вақти-вақти билан дунё бўйлаб чекланган миқдордаги музей ва галереяларда сақланади. Мазкур қўлёзманинг тақдимоти Маккадаги Қуръон музейининг ташриф буюрувчиларини Қуръони карим тарихи ва унинг бадиий эволюцияси билан таништириш, шунингдек, Қуръони карим қўлёзмаларининг ажойиб намуналарини кўриш имкониятини яратиш, шу билан бирга маданий ва интеллектуал хабардорликни ошириш ва музейга ташриф буюрувчилар тажрибасини бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг бир қисми бўлиб саналади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.