Ахлоқ йўқ жойда барака бўлмайди
Ташқи кўриниш, мол-дунё ёки мансаб эмас, балки гўзал хулқ-атвор инсоннинг ҳақиқий қийматини белгилайди. Гўзал одобга эга киши дунёдаги энг катта бойликни қўлга киритган ҳисобланади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир” деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифдан ҳусни хулқ эгасининг мақоми қай даражада баланд экани маълум бўлади. Чиройли хулқ банданинг гуноҳлардан тийилиб, ибодатларни тўла-тўкис адо этиши, хайрли амалларни бажариши ва баракали ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Хушмуомала, камтар, ростгўй ва ҳалол киши эл аро ҳурмат қозонади, одамлар билан осон тил топишади.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида марҳамат қилади: «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» (Қалам сураси, 4-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг гўзал хулқлари билан бутун инсониятга ибрат бўлганлар. У зот юриш-туришда, оилада, жамоат орасида комил хислатлари, юксак одоблари, олий фазилатлари билан намуна кўрсатганлар, умматларини ҳам шунга чақирганлар.
Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун, аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон вужудининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади.
Бир оилани биламан. Эр-хотин зиёли инсонлар, кўча-кўйда одамлар билан хушмуомалада бўлишади, каттаю кичикни бирдек кўришади. Фарзандлари ҳам одобли, юриш-туришда, ўқишда тенгдошларига намуна. Бу хонадондан жанжал, бақир-чақир овозини эшитмайсиз. Қўшнилар билан ҳам зиддиятга боришмаган.
Ҳа, ахлоқнинг баракаси оиладан бошланади. Яхши хулқли ота-она фарзандига тўғри тарбия бера олади. Оиладаги ўзаро ҳурмат ва меҳр хонадон файзи ҳисобланади. Шунингдек, гўзал ахлоқ қўшничилик, қариндош-уруғчилик муносабатларини ҳам яхшилайди, адоват ўрнига муҳаббатни мустаҳкамлайди.
Яхши хулқ фақат мулойим сўзлаш ёки табассум қилиш эмас, балки нафсни жиловлаш, ғазабни босиш, сабрли бўлиш, адолат тарафида туриш, ўз манфаатидан жамият манфаатини устун қўйиш, заифларга ёрдам қўлини чўзиш, муҳтожларга меҳр кўрсатиш ҳамдир.
Бугунги тезкор ва тараққиёт замонида ахлоқ масаласи янада долзарб бўлиб бормоқда. Фан-техника ривожланиб, имкониятлар кенгайган сари инсонларнинг ўзаро муносабатларида совуқлик пайдо бўлмоқда. Демак, ҳар қандай масалада ахлоққа таяниш ўта муҳим. Чунки ахлоқ йўқ жойдан барака кўтарилади.
Хулоса қилиб айтганда, ахлоқ – инсоннинг энг катта бойлиги, унинг ҳақиқий зийнати ва ҳаётдаги муваффақияти гарови. Яхши хулқни ўзига шиор қилган банда ҳам дунёда, ҳам охиратда саодатга эришади. Шу боис ҳар биримиз ўз ахлоқимизни гўзаллаштиришга, уни исломий қадриятлар асосида мукаммаллаштиришга интилсак, жамиятимиз маънан юксалади, ҳаётимизга файз ва барака ёғилади.
Шарифжон ЮНУСОВ,
Чортоқ тумани “Ҳазрати Ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби (Т.Шернаев уюштирди)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан