Ҳунар – инсонни азиз қилар
Бугун истаган тарихий маскан, зиёратгоҳ ёки масжидларга борсангиз, иншоотлар пештоқидаги ва деворларидаги хаттотлик намуналарига кўзингиз тушади. Уларни томоша қила туриб, наҳот инсон ёзувни санъат даражасига олиб чиққан бўлса, дея қойил қоласиз. Ажабланарлиси, бу касб асрлар оша тараққий этса этяптики, бир дам тўхтагани йўқ. Мисол учун, Арабистон ярим оролида бошланган бу касб Мовароуннаҳр диёрида янада ривожланди. Ҳар ҳудуд ва даврнинг ўз хаттотлик мактаблари вужудга келди. Ҳирот, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари…
Бугун ҳам бу қадимий санъат замонавий компьютер технологиялари асосида янада мукаммаллик касб этиб, ўзининг янги қирраларини очмоқда. 30 йилдан буён хаттотлик қилиб келаётган Ислом МУҲАММАДга ҳунарининг сир-синоати ва бугунги ривожи ҳақида мурожаат қилдик.
Оилавий мерос
– Хаттотликка ёшлигимдан қизиққанман. Буни сезган тоғам арабий ва Қуръон саводимни чиқариш билан бирга хаттотликни ҳам ўргатган. Ҳар сафар қишлоққа борганимда тоғам бир талай қалин қоғозлар, асбоблар билан кутиб оларди. Кейинчалик у кишининг тавсияси билан таниқли хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳга шогирд тушиб, устоздан ҳунарнинг барча сир-асрорини ўргандим. 1990 йили Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида иш бошлаганман.
Хаттотлик аввало ибодат эканлиги мени доим олға интилишимга сабаб бўлган. Бу санъат билан инсон маърифатни ёяди, муқаддас динимиз хизматида бўлади. Қалам сурасининг илк оятида: “Нун. Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар) билан қасамёд этаман…” дейилади. Шундай экан, хаттотлик оддий санъат эмас, бу Қуръонга хизмат, илмга эҳтиром ва қалбнинг покланишидир. Устозимиз Ҳабибуллоҳ Солиҳ билан бир ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳижозий Қуръон – Ҳазрати Усмон Мусҳафини кўчирганимизда қалбимдан ана шундай кечинмалар ўтган.
Хаттотлик – машаққатли санъат
Дунёда 150 дан зиёд арабий хат тури бор. Диёримизда 10 дан ортиғидан фойдаланилади. Масалан, ўрта асрлардан бошлаб настаълиқ хатида китоблар ёзилиб, бу хатни ҳамма ўқий олган. Меъморчилик, ўймакорлик, кошинкорлик, ганчкорлик, каштачилик, канкадорлик каби қўл ишларида сулс ва кўфий хатлари қўлланилган.
Масжид ва мадраса пештоқларига ёзиладиган хат, ёзувлар кишидан вақт ва меҳнат талаб қилади. Иш бир неча босқичда кечади. Кичик ҳажмдаги ёзувларни шаффоф қоғозга жойлаб, уста, наққош ё кошинкорларга топширамиз. Усталар ёзувларни игна билан тешиб, ганчга туширишади. Наққошлар эса деворга тушириб, бўёқлар беришади.
Кошинкорлар эса ёзувларни қуритиб, пиширади. Иш жараёни хаттотлар назоратида бўлади. Бир хонақоҳга Ёсин сурасини кўчириб тугатишга уч ойча вақт кетди.
Хат ёзаётиб чарчоқ нималигини билмайман. Якунини кўриш ҳисси тинчлик бермайди. Битгач эса кўнглим ором олади. Шу зайлда кўплаб иншоотларни араб ёзувлари билан безашда иштирок этдим. Булар қаторида “Ҳазрати Имом” ва “Имом Бухорий” мажмуалари, Бароқхон мадрасаси, “Минор”, “Тилла Шайх”, “Намозгоҳ”, “Ислом ота” масжидларида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Малайзия, Ҳиндистон каби кўплаб давлатларнинг масжид ва иншоотлари бор.
Беш хусусият
Юртимизда 2016 йилдан буён хаттотлик йўналишида устоз-шогирд анъанаси анча жонланди. Кўплаб хусусий мактаблар, ўқув марказларида юзлаб шогирдларимиз фаолият юритяпти, илмий ишлар қиляпти. Халқаро мусобақаларда беллашаётган ўқувчиларимиз ҳам талайгина. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази қошида Хаттотлик мактаби очилди. Хаттотлик оилавий касб сифатида Бухоро, Самарқандда давом этиб келаётган бўлса-да, бошқа вилоятларда ҳам қизиқиш ортиб бормоқда.
Бу санъатни эгалламоқчи бўлганлардан катта иштиёқ ва сабр талаб этилади.
Настаълиқ хатининг асосчиси Мир Али Табризий: “Беш нимарса жам агар бўлмас кишида, эй рафиқ, Бил ҳирандманд наздида хаттот бўлмоғи маҳол”, деб хаттот учун зарур бўлган беш хусусиятни санайди: таъби нозиклик, илму хатдан воқиф бўлмоқ, дасту хўб (моҳир қўллар) ва тоқату меҳнат. Яна дейди: асбоби хат бўлса камол.
*Ҳирандманд – олимлар, ақл эгалари, зеҳни ўткир инсонлар.
Хаттотлик соғликка фойда!
Ибн Сино кўз нурини равшан қилувчи нарсалар қаторида хаттотликни ҳам санаб ўтади. Чиндан бу касбнинг соғликка бир қанча фойдалари бор. Одатда, бизга шогирдликка оғир босиқ болалар келишади, тўполончи болалар яқинлашмайди. Аммо ота-оналарга фикрлари тарқоқ, жиззаки болаларнинг руҳий мувозанатини яхшилаш учун хаттотлик тўгаракларига беришни тавсия қиламан. Айниқса, гаджетларга муккасидан кетиб, руҳий ўзгаришларга учраган болалар хаттотлик тўгаракларида фикр жамлашни, қунт билан ишлашни, мувозанатини назорат қилишни ўрганади. Доимий Муқаддас каломларни ўқиш, кўчириш шубҳасиз кўзга нур, танага қувват, қалбга ором бағишлайди.
Кейинги йилларда халқимиз орасида хаттотликка қизиқиш ортиб боряпти. Мисол учун, хаттотликни ўрганиб хонадон интерьерларига безакли хатлар, оятларни кўчириб ва ҳадислар ёзишмоқда. Бу эса хонадонларга барака олиб кирмоқда.
Рақамлашаётган ҳунар
Илмнинг ривожланиши ва замон талаби хатни рақамлаштиришга туртки бўлмоқда. Хаттот қўлда ёзган хатни компьютер дастурлари ёрдамида катталаштириш, рангларни танлаш ва ўзаро мувофиқ жойлашувига ёрдам беради. Чунки улкан биноларга хат ёзилганда, математик аниқ ўлчовлар талаб қилинади. Яъни, технология ишни тезроқ битишга, мураккаб жараённи осонлаштиришга хизмат қилади. Хаттот ёзган қоралама ўзгармай, рақамлашган ҳолда сақланади. Мисол учун, яқинда қад кўтарган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда “Имом Бухорий” мажмуаларидаги ёзувларни шу тартибда ёзиб, қисқа вақт ичида улкан ишларни якунладик.
Пештоқлардаги ёзувлар одатда бўйига икки, энига йигирма метрдан ошиқ бўлади. Уларга битилиши керак бўлган хатни устахонамизда ойлар давомида стол устида ёзамиз ва рақамлашган ҳолатга айлантириб ўлчовларга мослаймиз. Лекин композицияни компьютер қила олмайди, буни фақат хаттот қила олади. Дейлик, бир оятни доира ичида ёзамиз ёки кема шаклида битамиз. Бундай хатни техника ёзишга ожизлик қилади.
Хаттотлик бор жойда калом қадрланади, калом қадрланган жойда эса маърифат, маънавият юксалади. Шу маънода, хаттотлик – Ислом динининг сукун билан сўзловчи, аммо юракка етиб борадиган санъатидир.Бундай нодир илмни етказаётган хаттотлар – халқимиз ифтихори.
Нафиса ПАРДАЕВА оққа кўчирди.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws