Сукут қилган саломат бўлади
Донишмандлардан бири деди: “Юмшоқ сўз кишини севимли қилади. Ҳалим бўлмаган киши афсус чекади, сукут қилган киши саломат бўлади. Ким ибрат назари билан боқса, кўради, ким кўрса, фаҳмлайди, ким ҳою ҳавасга эргашса, адашади, ким ўз фикри билангина ҳисоблашадиган бўлса, тойилади”.
Изоҳ. Ҳалим инсоннинг одамлар орасида меҳр-муҳаббат қозонишига Али розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари далил: “Ҳалим кишига ҳилми туфайли бериладиган нарсаларнинг энг аввалгиси – жоҳилга қарши курашда унга барча одамларнинг ёрдамчи қилиб қўйилишидир. Ҳақиқий ёрдамчи Аллоҳ эканини эътироф қилган ҳолда нима учундир атрофимизда тарафдорлар бўлишини хоҳлаймиз. Балки бу бандалигимизнинг белгисидир. Нима бўлгандаям, одамларнинг қўллаб-қувватлаши инсонга куч бағишлайди, иккиланишларни орадан кўтариб, ишончни орттиради, дадилликка рағбат уйғотиб, янги довонлар сари руҳлантиради.
Ҳалимликнинг зидди қўполлик ва дағалликдир. Ҳалим инсондан кўра қўпол кишининг пушаймонлиги кўпроқ бўлади. Чунки бу дунёнинг чигаллари мулойим муносабатларда енгил ечилади. Битай деб турган иш битта қўрс муомала билан чигаллашиб кетади. Майли, табиати дағал экан, мулойимлик қилмасин, лоақал жим турсин.
Агар сўзлаш бобида улуғлар қандай йўл тутган, деб сўрайдиган бўлсанг, сенга маслаҳатим шуки, тилинг “новвот”дек ширин бўлсин, тез-тез, яъни ҳар айтган сўзинг билан кишининг дилини оғритма. Эй замона кишиси, совуқ сўз айтиб дилозорлик қилгунча дўзахни кўз олдингга келтир, жаҳаннам оловининг тилидан хавф эт, бу хавф билан тилингни муҳрла. Сенга ўрнак бўлсин, эй яхши инсон, улуғ имомимиз Нўъмон ибн Собит – Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг муҳрида бундай ёзув бор эди: “Айтадиган гапингда хайр бўлса, гапир, йўқса, жим бўл”.
Рашид ЗОҲИД нашрга тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан