Фитр садақаси
Аслий ҳожатларидан ташқари нисоб миқдорида маблағи бор кишига фитр садақаси вожиб бўлади. Бу ўринда нисобга етган маблағ учун бир йил тўлиши шарт эмас. Киши ўзи ва қўл остидаги фарзандлари номидан фитр садақасини бериши лозим. Нисоб эгаси бўлмаганлар ҳам фитр садақасини беришлари жоиз.
Фитр садақаси – фақирларнинг ҳақи. Уни закот олишга ҳақли бўлган яқин қариндошлар – ака-ука, опа-сингил, амма-холалар, амаки-тоғалар ҳамда уларнинг фарзандларига бериш афзалдир. Чунки бунда садақа ва силаи раҳмнинг савоби жамланади.
Фитр садақасининг вожиб бўладиган вақти Ҳайит куни тонгидир. Аммо ундан олдинроқ, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Ҳайит намозига чиқишдан олдин бериш – мустаҳаб.
Фитр садақасини бераётганда ният қилиш вожиб. Яъни бераётган садақасининг фитр эканини билиши шарт. Акс ҳолда ҳар қанча кўп садақа қилмасин, унинг садақалари фитр садақасига ўтмайди, фитр садақасини қайта беради.
Муҳтож кишини хижолатга қўймаслик учун фитр садақасини “ҳадя”, “мукофот” ёки “байрам совғаси” деб беришнинг зарари йўқ. Бир неча кишининг фитр садақасини битта фақирга бериш жоиз.
Зиммасига фитр садақаси вожиб бўлган киши то уни адо ёки қазо қилмагунича зиммасидан Фитр садақаси соқит бўлмайди. Ўлими яқинлашиб қолган кишининг адо қилинмаган фитр ёки закот-садақалари бўлса, уларни бериши ёки беришни васият қилиши вожиб. Васият қилинса, мерос қолган мулкнинг учдан бири васиятни бажариш учун ажратилади. Агар меросхўрлар рози бўлса, ундан кўпроғини ҳам сарфлаш мумкин.
Зиммасида фитр садақаси, назр ёки каффорат (қарзи) бор киши вафот этиб, уларни бериш ҳақида васият қилмаган бўлса, меросхўрларга меросдан ўша қарзларни адо қилиш вожиб бўлмайди. Аммо меросхўрлар вояга етган, инфоқ-эҳсон қилишга салоҳиятли бўлса, ўз ихтиёрлари билан (марҳумнинг номидан) унинг қарзларини адо этишлари мумкин.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан