Ўлимдан ақидавий сабоқлар
Ояти каримада бундай дейилади: «Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир» (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Имом Мотуридийнинг фикрига кўра, ушбу оят қуйидаги мавзулар учун далилдир:
– ҳар бир тирик жон яшашдан завқ олади ва ўлимни хушламайди. Ҳаёт ва ўлимнинг шундай бўлиши оламни табиат эмас, балки бошқа куч ҳаракатга келтиришини кўрсатади. Чунки инсон табиатида ҳаётни севиш ва ўлимни хушламаслик ҳисси бўлишига қарамай, у ўзи истагандек узоқ умр кечира олмайди. Вақти-соати етгач, албатта, ўлимга йўлиқади;
– ҳар бир жоннинг ўлимни татиб кўриши оламни бошқараётган кучнинг ягона эканидан дарак беради. Чунки бирдан ортиқ қудрат бўлса, бошқарувдаги тартиб бузилган ва оламдаги ҳаёт издан чиққан бўлар эди;
– ҳар бир жоннинг ўлимни татиб кўриши ҳақиқати Яратганнинг ҳикмати ва илмига ишора қилади. Зеро, ўлим файласуфлар моҳиятини англашга ожиз қолган ҳақиқатдир. Бу эса ўлимни яратган Зотнинг қанчалик буюк ҳикмат ва илм соҳиби эканини англатади;
– ҳар бир жоннинг вақти келиб, ўлим билан рўбарў бўлиши;
– ўлимнинг йўқлик эмас, балки инсон уни яшаб ўтиши муқаррар бўлган ҳақиқат эканини кўрсатади.
Музаффар КОМИЛОВ,
Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан