Ёт ғоялар таҳдиди
“Жондан азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик кайфиятидан асрашимиз зарур”. Шавкат Мирзиёев.
Адашган, бузғунчи, террорчи оқимлар Ислом номидан сўз юритсалар-да, динимизнинг асл моҳиятига зид ғояларни тарқатади.
Айниқса, “Ҳизбут таҳрир”, ваҳҳобийлар, сохта салафийлар сингари бузғунчи оқимлар Исломни раҳмат ва бирлик дини сифатида эмас, балки низо ва кескинлик манбаи сифатида талқин этишади. Бу эса ёшларни чалғитиб, жамиятда ишончсизлик ва беқарорлик кайфиятини уйғотади.
Афсуски, бундай ёт ғояларнинг салбий оқибатлари юртимиз ҳаётида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фош этилди. Маълум бўлишича, унинг айрим аъзолари хориждаги қуролли тузилмалар сафига қўшилган, қолган фаол иштирокчилари эса қонун доирасида жавобгарликка тортилган. Айрим адашган шахсларга нисбатан эса кечиримлилик сиёсати қўлланилиб, уларга тузалиш ва жамиятга қайтиш имконияти берилган.
Бу воқелик ёшларнинг етарли диний билим, ишончли манбалар ва соғлом танқидий фикрдан узоқлашиши қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яққол кўрсатади.
Алоҳида таъкидлаш лозим, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари йўлига асосланган аҳли сунна вал жамоа, яъни суннийлик йўналиши – ўн беш асрдан буён инсониятни эзгулик, адолат ва маънавий камолот сари бошлаб келмоқда. Суннийликдаги тўрт мазҳаб – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий – ақида ва фарзларда якдил бўлиб, фарқ фақат фаръий (иккиламчи) масалалардадир. Юртимиз мусулмонлари эса қадимдан ҳанафий мазҳабига амал қилиб, бағрикенглик, мўътадиллик ваақл-идрокни ҳаёт мезони қилиб келганлар.
Ислом дини зўравонликни эмас, тинчликни, адоватни эмас, барқарорлик ва ҳаёт қадрини улуғлайди.
Огоҳлик – бу фақат ахборотга эга бўлиш эмас, балки ҳақни ботилдан, илмни таассубдан ажрата олишдир. Ёш авлодни ёт ғоялардан асраш, уларда маънавий иммунитетни шакллантириш – жамият тинчлиги ва юрт келажагини мустаҳкамлашнинг энг ишончли йўлидир.
Неъматуллоҳ ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Боёвут тумани “Қул Хожа Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби (А. Азизов уюштирди).
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан