Муаммо ўзимизда, ечими ҳам
Интернет хабарларини ўқиётиб, уй-жой ва квартиралар олди-сотдиси эълонига кўзим тушиб қолди. Икки-уч сотих ерга қурилган икки қаватли уйни кўриб, ҳайрон қоласиз. Шунчалик ҳашаматли ва ортиқча безаклар кўпки, гуё шоҳона қаср дейсиз…
Бугун бор-буди, топгантутганини уй-жой қуришга сарфлаб, иморатини сотувга қўйганида неча йиллар машаққат чекканини ўйлаб, арзонга сотишга кўзи қиймаётганлар ҳам йўқ эмас. Харидор ҳам ҳадеганда чиқавермайди. Катта маблағни эса ҳамма ҳам топа олмайди.
Яқинларимдан хабар олиш учун қишлоққа борганимда бир жияннинг фалончи қишлоқдошимиз икки қаватли қилиб уй кўтаргани, бунга тўрт-беш йил вақти кетгани, ҳали тўлиқ битмаган бўлсаям, элни чақириб “том тўйи” қилиб берганини айтиб қолди.
Тўғриси, ўзбек қўлига пул тушса, ё тўй қилади, ё уй қуради. Бу билан у эл олдидан ўтишни ўйлайди. Ҳатто хорижга бориб ишлайдиган бир танишимдан: “Нега болачақадан узоқда у ёқларга бориб ишлайсиз?” деганимда, у: “Бу йил ишлаб уй-жой қураман, янаги йили топган даромадимга тўй қиламан”, деганди.
Шуларни эшитиб одамзод фақат уйжой қуриш ёки тўй қилиш учун дунёга келадими, деб ўйлаб қолдим. Улардан бошқа мақсади йўқми?!
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ совуқдан сақлаб, иссиқдан соя берадиган даражада қурилган уйжой инсонга кифоя. Бундан ошиғи ҳашам, зебу зийнат ва орзуҳавасга берилиш, деб таъкидлайди.
Бугун бизнинг молдунё топишдаги ниятларимиз, мезонларимиз ўзгарди. Орзу-ҳавас балоси бизни худбин қилиб қўйди. Бирор қариндош-уруғимиз ёрдам сўраса, уй қуряпман, деб уларни қуруқ қайтарамиз. Шу қурилишни озроқ тўхтатиб, уларга ёрдам берай, демаймиз. Умримизнинг қанча қисми шу орзу-ҳавасимизга қўшилиб совурилиб кетяпти.
Олдинлари қишлоқдаги уйлар бирбиридан фарқ қилмас, ҳеч ким қўшнимдан ошириб уй қурай демасди. Борига қаноат қилиб қариндошуруғи йўқлаб келса, дастурхонга борини тўкар ва таъмирталаб уйжойидан асло хижолат чекмасди. Ҳозир эса қишлоққа борганимда кимузарга қурилаётган уйлар ни кўриб, танимай қоламан.
Одатимизга кўра, меҳмонга борган ўзбек дарҳол уйжойига қараб мезбоннинг бой ё фақирлигини аниқлаб олади. Совчиликка борган хотинлар ҳам қизнинг одоби ё тарбиясига эмас, отасининг уйжойига бир кўз югуртириб чиқишади. Агар бирор киши тўй бошласа, биринчи иши танишнотанишлар олдида уялиб қолмаслик учун уйжойни таъмирлаш бўлади. Бу билан икки карра чиқимга тушади.
Бир сўз билан айтганда, қават-қават уй қуриш, ҳаддан ортиқ безаш оддий ҳолга айланмоқда. Имкони, қурби етган киши қилса, омадини берсин. Аммо ўзи ҳаминқадар пул топиб, тўрт-беш йил бир иморат учун умрини, борини сарфлаши тўғримикин?!
Ундан кўра, шу вақти ва маблағини бошқа фойдали ишларга, ҳеч бўлмаса, фарзандларининг илм олиши йўлида сарфласа, тўғри бўлмайдими?! Биргина орзу-ҳавас деб кўплаб муаммолар гирдобида қолиб кетмаяпмизми?!
Қолаверса, иморат қураётганимизда ҳаддан ортиқ ҳашамат ёки безак беришга берилиб кетмасдан, мўмин ўлароқ ўзимиз учун қулай, аёл-қизларимизни бегона назарлардан ҳимоялашни ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз шарт. Озодалик динимиз талаби бўлгани боис, уйжойлар қуришда, аввало, покланиш учун шариатга мувофиқ махсус жойларни белгилаб олиш зарур.
Ўйлаб кўрсак, кўпгина муаммоларнинг сабабчиси ўзимиз. Уни ҳал этиш учун аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимизга тўғри ке лади. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).
Бобомурод ЭРАЛИ
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws