Меҳр-оқибат ипи узилмасин
Қариндошлик – ака-ука, опа-сингил ва авлод-уруғ муносабатлари жамият барқарорлигининг маънавий устуни ҳисобланади. Шу боис Ислом дини қариндошлар ўртасида меҳр-оқибатни сақлаш, алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият беради. Афсус, айрим ҳолларда арзимас сабаблар туфайли бу муқаддас риштага дарз етиб, охир-оқибат узилмоқда.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини асрашни очиқ-ойдин буюради: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас” (Нисо сураси, 36-оят).
Яна бир оятда эса қариндошлик ришталарини узиш қаттиқ қораланади: “Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошлик ришталарингизни узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, ўзларини кар қилди ва кўзларини кўр қилди” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Бу оятлар қариндошлик – фақат одоб-ахлоқ масаласи эмас, балки илоҳий амр эканини яққол кўрсатади.
Қариндошлар ўртасидаги совуқчилик кўпинча мерос ва моддий масалалар, ғийбат ва гумон, манманлик ва кечира олмаслик, аччиқ сўз ва шошмашошарлик сабаб пайдо бўлади. Аслида эса бунинг илдизи нафс ва сабрсизликка бориб тақалади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда огоҳлантирганлар: “Қариндошлик алоқаларини узган (киши) жаннатга кирмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, қариндошдан юз ўгириш гуноҳи жуда оғирдир.
Аввало, кечириш фазилатини ҳаёт қоидасига айлантириш зарур. Исломда ҳақли бўла Яхшиликка чақириш туриб кечириш – энг юксак ахлоқ намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир”(Имом Бухорий ривояти).
Иккинчидан, мулойим муомала ва очиқ гаплашиш совуқчиликнинг олдини олади. Кўнгилни оғритган масалани ҳурмат сақлаган ҳолда ҳал этиш – узоққа чўзиладиган адоватнинг давосидир.
Учинчидан, ғийбат ва фитна сўзлардан узоқ бўлиш шарт. Чунки ҳар бир ташилган гап қариндошлик ипини оз-оздан емиради.
Тўртинчидан, ҳол-аҳвол сўраш, зиёрат ва дуо – қалбларни яқинлаштирадиган энг содда, аммо самарали амаллардандир.
Ислом таълимотида қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш ризқ ва умр баракасига сабаб бўлиши таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким ризқи кенгайишини ва умри узайишини истаса, қариндошлик алоқаларини боғласин”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, меҳр-оқибат нафақат руҳий хотиржамлик, балки ризқ ва умр баракасининг ҳам манбаидир.
Қариндошлик – синов. Унда сабр, кечирим, камтарлик ва инсоф талаб этилади. Арзимас дунё манфаатлари ёки нафс туфайли муқаддас ришталарни узиш эса иймонга зид ишдир.
Шу боис ҳар биримиз ислоҳни ўзимиздан бошлашимиз керак. Аразлашган яқинимиз билан ярашиш учун биринчи қадамни қўйишдан ор қилмаслик лозим. Чунки меҳр-оқибат ипи қаттиқ боғланар экан, оила ҳам, жамият ҳам мустаҳкам бўлади.
Маҳфуза ДОҲИЕВА,
Янгийўл тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws