“Офиятда бергин…”
Имом Аҳмад айтади : «Мен Қуръонни ёддан билардим. Аммо ҳадислар билан шуғуллана бошлаганимда, у мендан қочиб кетгандек бўлди (унутиб қўйдим). Шунда мен Аллоҳга илтижо қилиб, уни яна ёдлашга муваффақ қилишини сўрадим. Лекин бу дуода: “Офиятда бергин…” деб қўшиб қўймабман. Дуойим ижобат бўлиб, мен Қуръонни қайтадан ёдлаб олдим. Аммо бу иш зиндонда, кишанбанд ҳолимда менга насиб этди. Шунинг учун Аллоҳ таолодан бирор нарса сўраганингизда: “Офиятда бергин”, деб айтинг».
* * *
Абу Бакр Ҳаббозий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен қаттиқ касал бўлиб қолдим. Солиҳ қўшниларимдан бири мени кўргани кириб: “Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Касалларингизни садақа билан даволанг”, деган тавсияларидан фойдалансанг-чи”, деб қолди.
Ёз фасли эди. Мен кўп тарвуз сотиб олиб, камбағал ва етимларни меҳмон қилдим. Улар еб-ичишди ва Аллоҳ таолога дуо қилиб, менинг шифо топишимни сўрашди.
Аллоҳга қасам, эрталаб Муборак ва Олий Зот Аллоҳнинг раҳмати билан буткул соғайиб кетдим»
“Сияру аъламин нубало”
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws