Меҳр тафти
Қишнинг изғирин кунларидан бирида тун бўйи қор ёғди. Тонгда бутун борлиқ оппоқ либос кийгандек гўзалликка бурканди. Ойбек ойна ёнида туриб, қиш манзарасини завқ билан томоша қилаётганди. Бир пайт қушларнинг чуғурлашиб, қор устида ерни чўқиётганини кўрди.
– Бечора қушлар, оч қолишган, – деди ўзича. Дастурхондаги нон ушоқларини йиғиб, ҳовлига чиқди. Қор устига ушоқ ларни сочди. Қушлар аввал чўчишди, кейин секин яқинлашиб ноннинг мазасини татиб кўрди.
Ойбек хурсанд бўлди, аммо бу урвоқлар уларнинг қорнини тўйғазмаслигини фаҳмлади. Товуқлар учун олинган донларни катта сопол идишга солиб, қушларни “меҳмон қилди”. Бирпасда ҳовлини уларнинг чуғурлаши босиб кетди. Ойбекнинг ҳаракатларини кузатиб турган бобоси уни мақтаб:
– Офарин, болам. Аллоҳнинг жонзотларига қаҳратонда раҳм қилибсан, албатта, бунинг ажрини оласан! – деди.
Ойбек шу зайл ҳар куни қушларга дон берадиган бўлди. Ҳар сафар қилган ишидан ўзини бахтиёр сезарди. Қиш ўтиб, баҳор келди. Дарахтлар янгидан барг очди, ҳаво исиди. Бир куни Ойбек боғда айланиб юрганида, боши узра шодланиб айланаётган қушларни кўрди. Улар гўё уни танигандек миннатдорлик билан “чир-чир” этишарди.
Нафиса ДЎСТМУҲАММАД қизи тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws