Алп Эр Тўнга – туркий қавм бобокалони
Алп Эр Тўнга таниқли ҳарбий саркарда ва машҳур давлат арбоби бўлиб, у туркий халқлар бобокалони ҳисобланади. Туркий манбаларда у Алп Эр Тўнга ва Тўнга Алп Эр, форсий манбаларда Афросиёб номи билан тилга олинган. Демак, Алп Эр Тўнга ва Афросиёб, аслида, битта шахснинг туркий ва форсий номлари бўлиб, у Турон давлатининг асосчисидир.
Туркшунослик илмининг асосчиси бўлган машҳур олим Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” (1071-1072) китобида Алп сўзини қуйидагича изоҳлайди: “Алп – ботир, қаҳрамон”. Сўнгра китобда Алп Эр Тўнга ҳақидаги машҳур марсия келади.
Тўнга (тонга) сўзи эса девонда қуйидагича изоҳланади: “Тона – йўлбарс жинсидан бўлган бир хил ҳайвон. У филнинг кушандасидир. Бу сўзнинг асосий маъноси шудир. Лекин бу сўз туркларда маъноси ўзгарган ҳолда қўлланади. Бу сўз, кўпинча, одамларга лақаб ўрнида ишлатилади. Чунончи, Тонахон, Тона тегин ва шунинг кабилар.
Туркларнинг улуғ хони Афросиёбни Тона Алп Эр, деб атар эдилар. Йўлбарс каби кучли баҳодир одам, демакдир”.
Демак, Алп Эр Тўнга сўзининг луғавий маъноси “Йўлбарс каби кучли одам, ботир ва қаҳрамон эр” демакдир. Туркий халқларда ботир саркардалар ва подшоҳлар номига, одатда, Алп сўзи қўшиб ишлатилган. Алп Эр Тўнга бу номни ўзига исм қилиб олган дастлабки инсон, туркий халқларнинг илк хоқони (хони) ҳисобланади. Кейинчалик ўзбек халқ эпосида 90 алп бўлганлиги, сўнгги алп Алпомиш эканлиги куйланган.
Алп Эр Тўнганинг болалик ва ёшлик йиллари тўғрисидаги маълумотлар кам сақланиб қолган. Унинг аждодлари ва келиб чиқиши тўғрисида турли-туман мулоҳазалар бор. Бироқ Алп Эр Тўнга туркий қавмга мансуб бўлганлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади.
Туркий шоир ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” достонида Маҳмуд Кошғарий каби Тўнга Алп Эр фаолиятига юқори баҳо беради. “Туркий Шоҳнома” номи билан шуҳрат қозонган бу асарда Алп Эр Тўнга фаолияти қуйидагича мадҳ этилади ва таърифланади:
“Назар солиб қарасанг, турк беклари, турк бекларининг энг яхшилари, улар орасида энг номи машҳури ва бахти кулиб боққани Тўнга Алп Эр номли бек эди.
Мушоҳадаси кенг, санъат – ҳунарлари беҳисоб кўп, билимли, заковатли сара одам ўша эди…”
Хуллас, бу ўринда Юсуф Хос Ҳожиб томонидан Алп Эр Тўнга фақат зўр жангчи ҳамда саркарда ва қўмондон сифатида улуғланмасдан, балки буюк давлат арбоби, мамлакат ва давлат бошқарувининг катта ташкилотчиси сифатида намоён бўлади.
Алп Эр Тўнга томонидан илк марта Бухоро шаҳри ва ҳисорига асос солинган. Наршахий “Тарихи Бухоро” асарида Бухоро ҳисорини Алп Эр Тўнга бино қилган, деган қатъий фикрни келтириб ўтади ва Афросиёбни бунёдкор хон сифатида кўрсатади.
Наршахий ўз асарида келтирган тарихий далиллардан кўриниб турибдики, Алп Эр Тўнга (Афросиёб) бунёдкор подшоҳ бўлган. Қадимги Ромитан ва Бухоро қалъаларини у қурдирган. Бу вилоятга келганида ўзи асос солган ва подшоҳларнинг доимий қароргоҳи бўлган Ромитанда турган. Наршахий, Табарий, Нишопурий каби мўътабар Шарқ тарихчиларининг бу фикрларини улардан тахминан 100-150 йил кейин яшаб ўтган буюк ватандошларимиз Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб ҳам ўз асарларида тасдиқлашади.
Ўзбек халқининг қадим ўтмиши ва буюк давлатчилик тарихининг сарчашмасида турган Турон давлатига бундан тахминан 2700 йил муқаддам айнан Алп Эр Тўнга (Афросиёб) томонидан асос солинган. Турон давлатининг дастлабки бошкентларининг асосчиси ҳам Алп Эр Тўнга ҳисобланади. Шунингдек, бу бошкент ҳозирги Бухоро шаҳри эди.
Қаҳрамон РАЖАБОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws