Мадинадаги Мусҳаф шарифни чоп этиш мажмуаси Рамазонда рақамли фаолиятини ривожлантиради
IQNA: Қирол Фаҳд Мусҳафи шарифни чоп этиш мажмуаси (Мадинаи Мунаввара) 1447 ҳижрий санасидаги муборак Рамазон ойи давомида ҳафтанинг барча кунлари, кунига икки маҳал мажмуага ташриф буюрувчилар ва делегацияларни қабул қилишни давом эттирмоқда. Бу ишлар мажмуанинг Аллоҳнинг Китобига хизмат қилишга қаратилган жаҳоншумул рисоласини танитиш, шунингдек, Мусҳафи шарифни турли қироатлар ва тилларда чоп этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан меҳмонларни яқиндан таништириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ташрифлар давомида меҳмонларга Мусҳафи шарифни чоп этиш босқичлари, уни пухта таҳрир ва текширувдан ўтказиш жараёнлари, энг юқори стандартлар асосида нашрга тайёрлаш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Шу билан бирга, мажмуанинг Қуръони каримни турли қироат ва тилларда чоп этиш ва тарқатишдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади. Мажмуа ташаббуслари доирасида меҳмонларга Мусҳафи шариф нусхалари ҳам тақдим этилади.
Рақамли трансформация жараёнига ҳамоҳанг равишда мажмуа Рамазон ойида ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали махсус рақамли ахборот режасини амалга оширмоқда. Ушбу режа жамиятнинг турли қатламларига мўлжалланган бўлиб, Қуръон илмларига оид маърифий ва маҳнавий мазмундаги мавзулар орқали Қуръонга бўлган муносабатни кучайтириш, уни тиловат ва тафаккур билан ўқишни тарғиб қилишни кўзда тутади.
Режа доирасида бир қатор дастур ва ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Офоқ йатадaббарун” дастури Қуръон оятлари маъноси устида чуқур мулоҳаза юритишга ундайдиган тадaббурий материалларни тақдим этади. Шунингдек, 1447 ҳижрий йил учун Рамазон тақвими (Саудия шаҳарлари учун саҳарлик ва ифтор вақтлари), мажмуа томонидан нашр этилган Мусҳафлар ва Қуръон илмларига оид китоблар, “Рамазонда хатмул Қуръон” туркуми орқали ой давомида Қуръон хатмини кузатиб бориш имконияти ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ҳар кунлик маъсур дуолар ва суннатлар, мажмуа номи билан чоп этилган расмий нашрлар, турли тилларига таржима қилинган асарлар, мобил иловалар, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги махсус нусхалар ҳамда рақамли илмий китоблар ҳам кенг тарғиб этилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги раҳбарияти эътибори ва назорати остида амалга оширилиб, мажмуа рисоласини қўллаб-қувватлаш, унинг илмий ва рақамли нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда дунёнинг турли ҳудудларидаги мусулмонларга хизмат қилишни мақсад қилади.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади,