Саудия Арабистони мутасаддилари Рамазонда умра зиёратчиларини кутиб олишга тайёрлигини билдирди
Саудия Арабистони Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун келадиган зиёратчиларни кутиб олишга ҳар қачонгидан ҳам пухта тайёргарлик кўрмоқда. Шу мақсадда Макка ва Мадина шаҳарларида хавфсизлик чоралари ва техник хизматлар кучайтирилди. Айрим исломий давлатлардан зиёратчилар, чоршанба кунидан бошлаб етиб келишни бошлади.
“IQNA” сайтининг “Cairo 24” нашрига таяниб хабар беришича, Макка амири ўринбосари Сауд бин Мишал бин Абдулазиз сешанба куни “Масжидул Ҳаром” ва унинг атрофидаги ҳудудларга ташриф буюриб, Рамазон ойида намозхонлар ва умра зиёратчиларини қабул қилиш бўйича амалий ҳамда хизмат кўрсатиш тайёргарлигини кўздан кечирди.
Ташриф давомида Сауд бин Мишал бин Абдулазиз жаноблари амалиёт тизимини қўллаб-қувватловчи ривожлантириш режалари ва “ақлли” хизматлар билан танишди. Айниқса, кекса ва имконияти чекланган зиёратчиларни ташиш учун мўлжалланган электромобилларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу воситалар уларнинг ҳаракатини енгиллаштириб, умра амалларини адо этишдаги қийинчиликларни камайтиради.
Шунингдек, кўп тилли кузатув хизматлари, интерактив харита ва рақамли платформа ҳақида маълумот берилди. Ушбу платформа орқали зиёратчилар олдиндан ўз йўналишларини режалаштириш, хизмат нуқталари, кириш-чиқиш жойлари ҳамда одамлар оқими кам бўлган йўллар ҳақида маълумот олишлари мумкин.
Мадина шаҳрида эса амир Салмон бин Султон бин Абдулазиз жаноблари хавфсизлик идоралари, давлат ташкилотлари ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
У “Масжидун Набавий” зиёратчилари ҳамда шаҳар аҳолиси хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш, шунингдек, Аллоҳнинг меҳмонларига муносиб хизмат қилиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигини қайд этди.
И.Аҳмедов тайёрлади.