ТАРБИЯ ВА ИСЛОҲ МАВСУМИ
Рамазон – Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Бу ойда бутун Ислом уммати хайрли ишларга, ибодатларга, зикру тасбеҳларга бардавом бўлиб, ўзларини ҳар томонлама тарбиялайдилар.
Руҳ тарбияси. Руҳ – инсоннинг ҳаётий асоси, қувват манбаидир. Шунинг учун инсон умри давомида руҳий тарбияга эҳтиёж сезади. Руҳан соғлом ва баркамол шахсгина кўзлаган манзилига ета олади, камолот касб этади. Рамазон ойида тоат-ибодатни, зикр ва истиғфорни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш руҳ ва қалбни поклайди. Бу ойдаги рўза ва бошқа хайрли амаллар кишини руҳий комилликка етаклайди.
Нафс тарбияси. Нафсга берилишнинг оқибати жуда аянчлидир. Шунинг учун нафс ҳамиша тарбияга муҳтож. Рамазон ойи эса нафсни тарбиялашда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Уламолар жамики яхшиликларнинг асоси нафсни тарбиялашда, ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканини таъкидлайдилар. Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа эришади. Фақат гумроҳ ва ғофил кимсаларгина унга эргашиб, ҳалокатга юз тутади. Шу боис Рамазон ойи нафсни жиловлаш, бўйсундириш учун энг қулай фурсат ва имкониятдир. Бундан ҳар бир мўмин фойдаланиб қолиши лозим.
Ирода тарбияси. Рамазон рўзаси киши иродасини мустаҳкамлайди. Банданинг иродаси кучли бўлса, нафсига бўйсунмайди, Аллоҳ таоло розилиги йўлида ҳар қандай машаққатни енгиб ўтади. Тонг отганидан то қуёш ботгунигача ейиш-ичиш ва нафсоний истаклардан тийиладиган киши иродали, қарори қатъий, қалби пок ва бақувват инсонга айланади.
Сабр тарбияси. Сабр – соҳибини юксакларга кўтарадиган, унга нусрат ато этадиган гўзал хулқлардандир. Ҳадиси шарифларда келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билингки, нусрат сабр биландир, кушойиш машаққат биландир ва албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир», «Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир», «Ҳар бир сабр ортидан ажр ва мукофот бордир», дея таълим берганлар. Рўза туфайли субутсизлик ва бесабрлик каби иллатлар барҳам топади. Очлик туфайли инсоннинг сабри янада мустаҳкамланади.
Кенгфеъллик ва хушмуомалалик тарбияси. Хушфеъллик ва ширин муомала ҳар қандай муаммо ва азиятга гўзал ечим беради, қалбларни туташтиради, яхшиликка ундайди. Шу боис Рамазон ойи инсонларни янада хушфеъл бўлишга чақиради.
Тақво ойи. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).
Ушбу ояти каримада Раббимиз «Эй инсонлар!» деб эмас, балки «Эй иймон келтирганлар!» деб хитоб қилди. Уламоларимиз бундай хитоб замирида: «Эй Менга иймон келтириб, Мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим», деган маъно борлигини айтадилар.
Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Рўзадор ёлғиз ўзи қолганида ҳам Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шу Аллоҳ учун тутилган рўзадир. Бу ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганида, иккинчиси – Қиёмат куни Раббисига рўбарў бўлганида» (Имом Бухорий ривояти).
Парвардигори оламнинг раҳмати ва мағфирати жўш уриб, ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ойни ғанимат билиб, юртимиз тинчлигини, халқимиз маънавий камолини, ризқимиз тўкинлигини ва икки олам саодатини Аллоҳ таолодан сўрайлик.
Бир ой давомида кундузлари соим, кечалари қоим бўлишга, Қуръони карим хатмига соме бўлишга қодир этган, гуноҳларимиздан фориғ ҳолда Рамазон ҳайитига етказган Раббимизга чексиз шукроналар айтиб, келгуси Рамазонгача ҳам рўза руҳиятидан айрилмасликни илтижо қиламиз.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws