Фарз рўзанинг қазоси
Рамазондан узр билан рўза тутмаган кунлари учун – хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – албатта, қазосини тутиши лозим. Бу қазо рўзаларни келаси Рамазонга қадар, йилнинг исталган ойида адо этиш мумкин. Яъни ўн бир ой муддат ичида Рамазонда тутолмаган рўзаларини қазо қилиб тутиб берса бўлади. Қазолар касаллик, сафар, ҳайз ёки бошқа шаръий узрлар сабабли воқе бўлиши мумкин.
Шариатда қазо рўзаларни тутиш борасида ҳам енгиллик бор. Инсон уларни Шаввол ойида, яъни Рамазондан кейин дарҳол ёки ундан кейинги ойларда ҳам тутиши мумкин. Албатта, қазоларни тутишга шошилиш афзал. Чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 148-оятида: «Яхшиликларга шошилинглар», деб марҳамат қилган.
Шунингдек, инсон умри кафолатланмаган, шу сабабли зиммасидаги бурчни тезроқ адо этиши – ўзи учун ҳам, охирати учун ҳам энг хавфсиз йўлдир. Аммо агар инсон қаттиқ иссиқ, соғлиғи заифлиги ёки бошқа ишлар билан бандлиги сабаб қазо рўзаларни тута олмаса, келаси Рамазонгача кечиктириши жоиз. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз ҳам кўпинча Рамазонда қолиб кетган рўзаларини Шаъбон ойида қазо қилиб тутар эди.
Энди тасаввур қилайлик, бир инсон Рамазонда касал бўлиб, рўза тутишга қодир бўлмаса ва кейинги Рамазонгача ҳам соғаймаса, қачон тузалса, ўшанда рўзаларининг қазосини тутиб беради. Бунда ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Чунки Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятни қуйидаги сўзлар билан якунлаган: «Аллоҳ сизлар учун енгилликни истайди, қийинчиликни истамайди» (Бақара сураси, 185-оят).
Аллоҳ яхшироқ билувчидир!
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws