Тўйларда исроф, азаларда риё кўпайди
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг баракали никоҳ — харажатлари енгил бўлганидир”» (Имом Байҳақий ривояти).
Тўй-маъракалардаги исрофгарчиликлар, бидъат ва хурофотлар барча даврларнинг энг оғриқли муаммоси бўлиб келган. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий 100 йил олдин: «…Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек, сиз ҳам, ҳатто лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да, ўғлингизни замонча ўқитишга саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинадиган оқчаларни ўқиш йўлига сарф қилсангиз!..» («Ойина» журнали, 1914 йил, 21-сон, «Ёшларға мурожаат» мақоласи), деб куюниб ёзган.
Ҳа, бугун давлат сиёсати даражасига чиққан ушбу муаммо боис Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги қарори билан «Оқилона истеъмол» дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда дастур доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар белгиланган тартиб асосида қатъий назоратга олиниши белгиланган.
Минг афсуски, тўйларда дабдабабозлик, азада риёкорликларнинг охири кўринмаяпти. Гўё ҳамма ким ўзара мусобақалашаётгандек. Маълумотларга кўра, республикамиз бўйича бир йилда тўйлар учун 40 триллион сўм сарфланар экан («Жума маърузаси», 17.10.2025).
Вилоятларимизнинг бирида ўтказилган никоҳ тўйида пул сочилгани жуда ачинарли. Жумладан, исрофгарчиликлар қаторида тахминан тортга (10–14 млн), келин саломга (10–12 млн), саломда қайнона учун узукка (3–7 млн), бошловчи-ўртакашга (5–40 млн гача), келин кўйлак ва безакларга (5–10 млн), айрим ҳудудларда тоғора жўнатишга (20 млн) сарфланади. Бундан бошқа дабдабалар ҳам бор.
Ёки тирикликларида ота-оналаридан деярли хабар олмай, вафот этганларидан сўнг хўжакўрсинга беш юзлаб одамга ош берадиган айрим “бойвачча”ларга нима дейсиз?!
Аслида, қийналаётган қанчадан-қанча оилаларга, етим-есирлар, ногиронларга, «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларига моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш, ўксик кўнгилларга малҳам бўлишнинг савоби улуғдир. Уларнинг юзларидаги табассумни кўриб, кўнгил шодланади.
Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам исрофгарчиликдан тийилиш, умрнинг қадрига етиш, уни яхшилик йўлида сарфлашимиз муҳим. Аллоҳ таоло барчамизни неъматлар қадрига етувчи, шукр қилувчилардан қилсин. Зеро, Аллоҳ таоло: «Исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Гулчеҳра МАВЛОНОВА,
Шаҳрисабз шаҳри бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws