Раббимизнинг ваъдаси ҳақдир
«Дилларидаги (ўзаро) кўролмаслик (ҳасад туйғулари)ни чиқарамиз. Остиларидан анҳорлар оқади ва айтадилар: “Бизни бу неъматларга йўллаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Агар (У) бизни бунга ҳидоят қилмаганида, биз ҳидоятга эришолмаган бўлар эдик. Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақни келтирган эдилар”. Уларга нидо қилинади: “Бу – жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз туфайли у сизларга мерос каби берилди”. Жаннат аҳли дўзах аҳлига (қиёмат куни): “Раббимиз бизга ваъда қилган нарса (жаннат)нинг ҳақ эканини аниқ билдик. (Сизлар ҳам) Раббингиз ваъда қилган (огоҳлантирган дўзах)нинг ҳақ эканини аниқ билдингизми?” деб нидо қилурлар. Улар: “Ҳа”, дейдилар» (Аъроф сураси, 43–44-оятлар).
“Дилларидаги (ўзаро) кўролмаслик (ҳасад туйғулари)ни чиқарамиз”. Жаннат аҳлининг дилларидаги ғилли-ғашликнинг суғуриб олиниши Аллоҳ таолонинг икромидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гина жаннат эшиги олдида туяларнинг қадоқларидек (кўринади). Аллоҳ уни мўминнинг дилидан чиқариб ташлайди”, деб марҳамат қилганлар.
Баъзи тафсирларда бундай дейилади: «Мўминларнинг дилларидаги ғилли-ғашлик шу дунёда чиқариб ташланади. Улар иймон туфайли ўзаро биродар бўлишади: “Бир вақтлар душман эдингиз, энди қалбларингизни бир-бирига боғладик. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз”» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Жаннат аҳлининг дилларида ғилли-ғашлик ва ҳасад бўлмайди. Жаннатда фақат муҳаббат бўлади”, деган. “Уларнинг дилларидаги ғилли-ғашларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўтирарлар” (Ҳижр сураси, 47-оят).
Бир ўринда: «“…чиқарамиз…” яъни дилларида игнанинг учидек ғилли-ғашлик қолдирмаймиз. Агар уларни асл ҳолича қолдирсак, ўрталарида адоват келиб чиқади», дейилади.
“Остиларидан анҳорлар оқади”. Яъни жаннат аҳли мангу қарор топган жойлари остидан анҳорлар оқиб туради. Аллоҳ таоло бандаларининг дарёларни яхши кўришини билади. Улар мойил бўлган нарса жаннатда борлигини айтиб, Ўзининг буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан қайтишлари учун шундай қилди. Шунингдек, Қуръони каримда зикр этилган қасрлар, чодирлар, ғуломлар ва инсон ақли етмайдиган яна қанча неъматлар охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйилган.
«Ва айтурлар: “Бизни бу неъматларга йўллаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”». Яъни бизни тўғри йўлга, жаннат йўлига йўллаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин.
“Агар бизни (У) бунга ҳидоят қилмаганида, биз ҳидоятга эришолмаган бўлар эдик”. Банда Аллоҳ таолонинг фазли ва лутфи билан ҳидоятда – тўғри йўлда бўлади.
“Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақни келтирган эдилар”. Яъни ҳақ динни етказишганди.
«Уларга нидо қилинади: “Бу – жаннат”». Охиратда мўминларга: “Сизларга ваъда қилинган жаннат ана шудир”, дейилади.
“Қилган (савобли) амалларингиз туфайли у сизларга мерос каби берилди”. Мўминлар Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли билан жаннатга киради: “Бу Аллоҳнинг фазлидир” (Нисо сураси, 70-оят). Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч кимнинг амали уни жаннатга олиб кирмайди”, дедилар. Саҳобалар: “Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Мен ҳам. Фақат Аллоҳнинг раҳмати ва фазли мени қамраганидан (кира оламан)”, дедилар».
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «Мўмин ҳам, кофир ҳам қиёматда жаннат ёки дўзахда ўз жойига эга бўлади. Жаннат аҳли дўзах аҳлига, дўзах аҳли жаннат аҳлига ўз манзилларини кўрсатади. Дўзах аҳлига: “Агар итоат қилганингизда эди, бу сизнинг манзилингиз бўларди”, дейилади. Жаннат аҳли эса қилган яхши амаллари туфайли жаннатни мерос олади. Жаннатда ҳар бир кишига унинг даражасига қараб манзил берилади» (Имом Муслим ривояти).
«Жаннат аҳли дўзах аҳлига (қиёмат куни): “Раббимиз бизга ваъда қилган нарса (жаннат)нинг ҳақ эканини аниқ билдик. (Сизлар ҳам) Раббингиз ваъда қилган (огоҳлантирган дўзах)нинг ҳақ эканини аниқ билдингизми?” – деб нидо қилурлар. Улар: “Ҳа”, – дейдилар».
Жаннатда: “У ерда (жаннатда) кўнгил тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бордир” (Зухруф сураси, 71-оят).
Баъзи муфассирлар бундай дейишган: “Оятда жаннат аҳлининг дўзах аҳлига, дўзах аҳлининг жаннат аҳлига нидо қилиши зикр этилмоқда. Бир-бирларининг нидоларини эшитиш учун ўзаро яқин бўлишлари керак. Лекин жаннат ва дўзах ораси узоқ бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло бандаларига бир-бирларининг нидоларини эшитадиган қилиб қўяди”.
“Таъвилотул Қуръон”, “Тафсири Қуртубий”, “Тафсири Табарий” ҳамда “Фатҳул Қодир” асарлари асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws