Беҳаёлик руҳни ўлдиради
Сўнгги пайтларда ёшларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида кўп ва хўп гапириляпти, эътирозлар билдириляпти. Айрим йигит-қизларнинг “мода” кетидан кўр-кўрона қувиши, уларнинг кийиниши миллий анъаналардан узоқлашаётгани, тор, калта, очиқ кийимларга қизиқиш ортаётгани, бу одатлар динимизга, миллий қадриятларимизга зидлиги танқид остига олинмоқда.
Кийим одам танасини кўз-кўз ёки намойиш қилиш учун кийилмайди, ўраниш, беркитиш учун кийилади. Кийим жинсий майлни кучайтириш, уйғотиш учун эмас, аксинча, тинчлантириш, камайтириш учундир.
Афсуски, бугун миллий қадриятларимизга мутлақо зид, яримяланғоч кийинадиганлар сафи кенгайиб боряпти. Ғарбга тақлид қилиб, ўзлигини унутаётганларга ачинасан киши. Яримяланғоч юриш фитнадан бошқа нарса эмас. Террор инсоннинг танасини майиб-мажруҳ қилса, яланғочлик ҳам баданни, ҳам руҳни ўлдиради.
Жинсий эркинлик, яримяланғоч кийиниш оқибатида уялиш, ҳаё, ибо туйғуси сўниб боради. Оқибат эса барчага аён: миллий ўзликдан айрилиш, жамиятнинг таназзулга юз тутиши.
Динимизда барча нарсанинг одоби ва маданияти бор, шу жумладан, кийинишнинг ҳам бир қанча риоя қилиш зарур бўлган жиҳатлари мавжуд:
1. Кийим инсон танасини кўрсатадиган даражада юпқа, шаффоф, тор бўлмаслиги зарур.
2. Эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга ўхшаб кийинмаслиги шарт. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийинишда ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатлаганлар (Имом Бухорий ривояти).
3. Одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик керак. “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради” (Имом Аҳмад ривояти).
Яна бир масала. Бугун кўпчилик, ҳатто зиёлилар ҳам миллийлигимизни унутиб қўяётгандек, назаримда. Ўзимизнинг дунёни лол қолдирган либосларимиз қолиб, бошқа халқларга ўхшаб кийиниш ҳолатлари учраяпти. Айниқса, умра ёки ҳажга бориб келган опа-сингилларимиз дарҳол ўзгариб қолишади: юз-кўзларини беркитиб, саудиялик аёлларга тақлид қилиб олишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча фаслда масжидларда, бозорларда аёл кишининг юзи очиқ бўлиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаганлар.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 2-сонидан