Мажлис аҳлига озор бермаслик зарур
Мажлис одобларига риоя қилиш кишига манфаат бериб, уни зарардан сақлайди. Афсус, кўпчилик уларга эътиборсизлигидан турли ўринсиз ҳаракатларни содир этади. Баъзан мажлисларда одамларнинг жой танлашига гувоҳ бўламиз. Аслида йиғилишга келган киши қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтириши керак. Чунки саҳобалар Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келишса, қаерда бўш жой бўлса, шу ерга ўтиришарди.
Йиғинларда, айниқса, масжидларда олдинги сафдагиларнинг устидан ҳатлаб ўтилмайди, орага тиқилиб озор берилмайди. Бу борада Набий алайҳиссаломнинг таълимотларига амал қилинади: “Сизлардан ҳеч бирингиз бир кишини жойидан турғизиб, унинг ўрнига ўзи ўтириб олмасин. Лекин силжинглар ва (жойни) кенгайтиринглар” (Муттафақун алайҳ).
Агар киши зарурат туфайли ўрнидан туриб чиқиб кетсаю кейин яна қайтиб келса, у аввалги жойига бошқалардан кўра ҳақлироқ: “Агар бирингиз ўрнидан туриб кетсаю кейин қайтиб келса, у бунга (жойга) ҳақли бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Айни дамда суҳбатлашиб турган икки кишининг орасига суқилиб ўтириш ҳам одобдан эмас. “Кишига икки кишининг изнисиз уларнинг орасини ажратиши ҳалол бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
Баъзи мажлисларда шовқин-сурон, ғала-ғовур ва турли ёқимсиз гап-сўзлар бўлиши мумкин. Шундай пайтда истиғфор айтиш лозим. «Ким бир мажлисда (йиғинда) ўтирсаю унда гапи кўпайса, шу мажлисдан туришидан аввал: “Аллоҳим, Ўзинг поксан, Ўзингга ҳамд айтаман, Сендан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Ўзингдан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан”, деса, ушбу мажлисда содир бўлган барча ишлари кечирилади» (Имом Термизий ривояти).
Киши чақирилган жойгагина бориши лозим. «Бир одам Набий алайҳиссаломни ва яна беш кишини меҳмондорчиликка таклиф қилди. Шунда чақирилмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Эшик олдига келишганда Набий алайҳиссалом уй эгасига: “Бу бизга эргашди. Истасанг, унга ҳам изн бер, истамасанг, (ортига) қайтиб кетади”, дедилар. Уй эгаси эса: “Албатта, изн бераман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди» (Муттафақун алайҳ).
Мажлис одобларидан яна бири – ёрдам истаб келган одамларнинг ҳожатини раво қилиш. «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига ҳожатманд одам келса, у зот ўтирганларга юзланиб: “Шафоат қилинглар (ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилинглар), ажр оласизлар”, деб айтар эдилар» (Муттафақун алайҳ).
Мажлисда иштирок этаётган уч кишидан иккиси учинчи одамга эшиттирмай, пичирлаб гаплашмаслиги керак. Бу унинг қалбига озор бериши мумкин: “Агар уч киши бўлсангиз, икки киши учинчисини қўйиб, махфий суҳбат қилмасин. Чунки бу уни хафа қилади” (Муттафақун алайҳ).
Мажлислардаги юксак одоб – бошқаларга озор берадиган ишларни қилмаслик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг фойдасиз нарсаларни тарк этмоғи динининг гўзаллигидандир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Дониёр ИКРОМОВ, Тошкент вилояти бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws