ЭНГ КАТТА ЯХШИЛИК, ЭНГ КАТТА ЁМОНЛИК
“Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”[1].
Аллоҳ яхшилик қилганга ўн баробар мукофот беради. Бошқа оятларда эса бир яхшиликка етти юз баробар[2], баъзан эса чексиз яхшилик (савоб) берилиши[3] айтилган. Бир яхшилик баъзан битта, баъзан ўн баробар, баъзан етти юз, баъзан эса чексиз мукофот (ажр, савоб) тарзида қайтарилади. Ёмонликка тўсқинлик қилганларга ҳам мукофот бўлади. Имом Мотуридий яхшилик мукофотига кўп сонли яхшиликларни Аллоҳнинг ягоналиги (ваҳдонияти) билан боғламайди. Бериладиган мукофот миқдори бажарилган амал миқдорига мосдир. Тавҳиддан (ягоналикка ишончдан) бошқа нарсада рақам йўқ. Аллоҳга ширк келтириш (шерик қўшиш), бутга сиғиниш энг катта гуноҳ бўлиб, унга бериладиган жазо ҳам миқдор эмас, катталиги билан ўлчанади. Яхшилик қилишга рағбатлантириш учун шахсий яхшиликларга мукофот кўпайтирилади. Яхшилик ҳар кимга, ёмон одамга ҳам фойда беради. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ фикрича, энг катта яхшилик — Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтиришдир. Иймоннинг улуғ мукофоти қуйидаги оят билан исботланади:
“(Эй инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир”[4].
Энг катта гуноҳ — ширк (Аллоҳга шерик қўшиш) ҳақида эса: “(Мушриклар): «Раҳмон фарзанд тутди», — дедилар. (Эй мушриклар!) Сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар қулаб, парчаланиб кетаёзур”[5], дея марҳамат қилинади.
Имом Мотуридий шу ўринда янги бир нуктага урғу беради. Кўп таржималарда “яхшилик ва ёмонлик бир хил эмас”, деб таржима қилинса ҳам, аслида матн: “яхшиликлар бир-бирига тенг эмас, ёмонликлар ҳам” деб таржима қилиниши керак. Яъни яхшиликларнинг даражалари бўлганидек, ёмонликларнинг ҳам даражалари бор. Имом Мотуридий бу даражалашга энг яхши мисол сифатида энг катта ва энг юксак яхшилик — Аллоҳнинг бирлигига иймон, энг катта ёмонлик эса Аллоҳга ширк келтириш эканини очиқ айтади.
ЯХШИЛИККА ЯҚИН КЕЛМАЙДИГАНЛАР
“Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз”[6].
Имом Мотуридий кофир билан мунофиқ ўртасидаги уч фарқни кўрсатади: мунофиқлик қилувчилар заиф иймонли мўминларни иймонидан қайтаришга ва динларидан шубҳалантиришга уринади; мунофиқлик қилувчилар тўқлик ва қийинчилик ҳолатларида феъл-хўйини ўзгартиради; мунофиқлик қилувчилар Аллоҳни инкор қилишдан ташқари ўз қорнини тўйдириш ва ўз нафсини қондириш учун ҳаракат қилади. Улар яна алдов ва хиёнат қилишга мойил бўладилар.
Оятда бундай дейилади: “Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар[7]. (Улар одамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар ва қўлларини (хайр-эҳсондан) тиядилар. Аллоҳни унутишгач, (У) ҳам уларни «унутади»”[8].
“Мунофиқ” сифатининг илдизи араб тилидаги “нафақ” сўзидан келади. “Нафақ” “ер ости йўли” маъносидадир. Икки томондан чиқиш йўли бўлгани учун ўзбек тилидаги “иккиюзламачи” сўзи мазкур тушунчанинг асл маъносини беради. Мунофиқнинг қайси юзини намоён қилиши номаълум; ичи ташидан бошқача, сўзи ва амали бир эмас, ишончсиз киши тушунилади. Имом Мотуридий бу ҳақида қуйидагича изоҳ беради:
“Мўминларнинг эътиқоди бор, улар унга эргашадилар ва бир-бирига ёрдам берадилар. Кофирлар ҳам бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар. Иккиюзламачиларга келсак, уларнинг ўз дини, тизими йўқ; улар бир-бирига ёрдам бермайди, фақат ўз манфаатлари, бойлик ва қулайликка сиғинадилар ва қаерда фойда топса, ўша томонга оғадилар. Улар зиқнадирлар, яхшилик қилишга асло яқин келмайдилар. Ақл билан қабул қилинадиган асосий қоидаларни инкор қилади ва уларга тўсиқ бўладилар. Аллоҳни эсламайдилар, Ундан ёрдам ва яхшилик сўрамайдилар. Аллоҳ ҳам охиратда уларни «унутади», яъни уларга назар қилмайди, сўраганларини бермайди. Улар — йўлдан озган, тартибсизлик тарқатувчилардир”.
Нашрга тайёрловчилар: Музаффар Комилов, Абдумурод Тилавов.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
[1] Aнъом,160-оят.
[2] Бақара, 261-оят.
[3] Тийн, 6-оят.
[4] Ҳадид, 21-оят.
[5] Maрям, 88–90-оятлар.
[6] Нисо, 145-оят.
[7] Бу оятдан маълум бўлишича, мунофиқлар куфрда бир-бирларидан фарқ қилмайдилар ва улар мўминлардан эмаслар. Ўша даврда мунофиқларнинг умумий уч юз киши бўлиб, улардан 170 нафари аёллардан эди.
[8] Тавба 67–68-оятлар.