Фарзандингизга китоб совға қилдингизми?
Китобхонлик оиладан бошланади. Бола ота-онаси қўлида китоб ёки газета-журнални кўриб улғайса, унда ҳам мутолаа кўникмаси шаклланади. Аксарият ҳолларда ўғил-қизига байрам ёки туғилган кунларда қимматбаҳо ўйинчоқлар, буюмлар совға қилаётган ота-оналарни учратамиз. Бундай унутилмас онларда энг муносиб совға китобдир.
Хўш, китоб танлашда нималарга эътибор қаратиш керак? Жажжи болажонларга рангли суратли, қуйи синф ўқувчиларига эртак, ҳикоялар жам бўлган китоблар, ўтиш ёшидаги фарзандларингизга саргузашт асарлар совға қилсангиз, айни муддаодир. Кичкинтойлар суратларни томоша қилиб, персонажлар ҳақида тасаввур ҳосил қиладилар. Эртак, ҳикоя ўқиб улғайган фарзандларда ижобий қаҳрамонларга ўхшашга интилиш кучли бўлади. Бундан ташқари, шундай китоблар орқали фарзандларимизда ёмонлик ҳеч қачон яхшиликни енга олмаслигига ишонч пайдо бўлади. Уларда олийжаноб фазилатлар шакллана бошлайди. Саргузашт асарлар ўғил-қизларимизнинг дунёқарашини кенгайтиради.
Совға қилинган ширинлик ҳамда ўйинчоқлар тугаши мумкин, лекин китоб ва у орқали сингдирилган яхши фазилатлар фарзандларимизда бир умр ҳамроҳ бўлиб қолишини унутмайлик!
Мутолаа борасида мутахассисларнинг тавсиялари:
- Биргаликда китоб ўқиш ота-оналар ва болаларнинг ўзаро муносабатларини яхшилайди. Психологлар биргаликда китоб ўқиш жараёнида ота-оналар ва болалар ўртасида ўзига хос муносабат ўрнатилади, дейишади. Бундай муносабат биргаликда телевизор кўрганда пайдо бўлмайди.
- Мутолаа сўз бойлигини оширади. Китоб ўқиш нафақат сўз бойлигини, балки умумий саводхонликни ҳам оширади.
- Мутолаа хотирани ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди. Ҳар сафар китоб ўқилганида мия фаол ишлайди. Аниқланишича, доимий равишда китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти бошқаларга нисбатан секинроқ пасаяр экан.
- Мутолаа асабни тинчлантиради. Олимлар атиги олти дақиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам беришини исботлашган.
- Мутолаа уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради. Телефондан тарқалаётган нур мияга уйғониш кераклиги ҳақида сигнал юборади. Китоб ўқиш эса аксинча таъсир кўрсатади.
Ҳар бир ижодкор, таниқли шахслар китоб ва илм ҳақида, албатта, ўз фикрларини ёзиб қолдиришган. Жумладан, Амир Темур бобомизнинг қуйидаги битигига эътибор беринг:
“Китоб (битик) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.
“Китоблар инсон тафаккури жавоҳирларини йиғиб, авлодларга мерос қолдиради”, деган эди адиб Ойбек.
Ғафур Ғуломнинг “Китоб бўлмаса, китобдан ёғилиб турган зиё бўлмаса, инсон тараққиётнинг ҳозирги ёруғ чўққисига етмас эди”, деган сўзини бугунги кунимиз исботлаб турибди.
Азизлар, хулоса шуки, фарзандингизни китобхон қилиш учун аввало ўзингиз ўрнак бўлинг, улар телефон ўрнига қўлингизда китоб кўрсин. Мутолаани севган болалар комиллик сари интилади.
Гулнора ХОЛИҚОВА,
Бешариқ тумани “Намуна” маҳалласи “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан