Шукр қилувчи мўмин нега азоблансин?!
«Мунофиқлар мунофиқлиги учун дўзахнинг энг тубида бўлад и . Ул а р г а а з о б д а н қутулиши учун ёрдам берувчини топмайсиз. Фақат (шу дунёда) тавба қилиб ўзларини тузатган, Аллоҳ таоло розилиги учун тавба қилиб Аллоҳ таолога ширк қилмаганлар, айнан улар мўминлар билан бирга бўлади. Мўминларга Аллоҳ, албатта, катта мукофот беради. Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчидир» (Нисо сураси, 145–147-оятлар).
«Мунофиқлар мунофиқлиги учун дўзахнинг энг тубида бўлади. Уларга азобдан қутулиши учун ёрдам берувчини топмайсиз». Мунофиқлар асли мусулмон бўлишмаса-да ўзларини мусулмон кўрсатгани, мусулмонларга аралашиб юрганидан мусулмонларнинг сир-асрорларини, заиф нуқталарини билиб, кофирларга етказишарди. Шу сабабдан уларнинг азоблари кофирларнинг азобидан оғирдир.
«Фақат (шу дунёда) тавба қилиб ўзларини тузатган, Аллоҳ таоло розилиги учун тавба қилиб Аллоҳ таолога ширк қилмаганлар, айнан улар мўминлар билан бирга бўлади. Мўминларга Аллоҳ, албатта, катта мукофот беради». Аллоҳ таоло бу оятда мунофиқлардан азобни тўрт шарт билан билан кўтаришини баён этган: биринчиси, тавба, иккинчиси, солиҳ амаллар қилиш, учинчиси, тавба ва солиҳ амалларни Аллоҳнинг розилигига эришиш мақсадида қилиш.
Тўртинчиси тавба ва солиҳ ишларни холис Аллоҳ таоло учун қилиши. Мана шу тўрт шарт бўлганда гуноҳлари афв этилади ва мўминлар билан бирга бўлади.
“Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ шукр қилинувчи ва билгувчидир!”(Нисо сураси, 147-оят)
Бу оятда мукаллифларни яхши амаллар қилишга, ёмон ишлардан сақланишга ундов бор. Банда солиҳ амал қилса, қабиҳ ишлардан тийилса, Аллоҳ таоло уни асло азобламайди.
“Мафотиҳул ғайб” асари асосида “Кўкалдош” мадрасаси ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 14*-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws