Рамазоннинг хосиятлари
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)- ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд, (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рамазон ойида бувим: “Бу кунларга етказганига шукр, қанча одамлар рўзага етолмади”, дер эди. Бир йили бувим рўза тутди, қурбонлик қилди ва бир неча ойдан сўнг оламдан ўтди. Кейинги йил Рамазонда бувимнинг гапини эсладим: “Рўзага қанча одам етди, қанчаси етмади”.
Рамазон ойида бувим бир-биридан аразлашган яқинларимизни яраштирар, маҳалламиздаги йўқсилларни ҳар сафаргидан кўп йўқларди. Бувимдан кейин бу амал узилиб қолгандай бўлди. Отамнинг иши кўп, онамнинг ҳам юмуши ўзига яраша. Аммо телефон орқали қариндошлар йўқланарди.
Рамазон яқинлашаркан, бир яхшилик қилсам-да, кўнглим ёришса, деган ўй мени тарк этмади. Шундай кунларнинг бирида, рўза бошланишига бир неча кун қолганида мендан тез-тез пул сўраб турадиган амаки учраб қолди. Пул узатиб: “Амаки, Рамазон ойи келяпти, шу пулга янги либос олиб, чиройли бўлиб масжидга борсангиз, қандай соз бўларди”, дедим. Амаки: “Ҳа, Рамазон ойи меҳмон, бу ойда ичмаслигим керак”, деди.
Рамазон келди. Негадир амаки кўринмай қолди. Бир куни юзларидан нур ёғилиб, бекатга яқин масжиддан автобусга чиқса, денг! Салом бериб, жой кўрсатдим. Бир одамнинг ҳидоятига сабабчи қилган Аллоҳга ҳамдлар айтдим. Унинг айтишича, тиббиётни битираётган қизи оғир хасталикдан вафот этгач, ичадиган бўлиб қолган экан. Шу қизидан бошқа фарзанди йўқ экан.
Амаки менга раҳмат айтди ва уйимга бориб, отам билан танишиш истагини билдирди. Манзилимни бердим, бетоб аёлини йўқлаш учун уларнинг ҳам манзилини олдим. Аллоҳ Ўзи истаган бандасига ҳидоят беради.
«Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нуридир”. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир. (Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу) нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир» (Нур сураси, 35-оят).
Рамазон – биз аёлларга ўзимизни ислоҳ қилишимиз учун қулай фурсат. Бундан унумли фойдаланишимиз лозим. Бугунги кунда эрга итоат масаласида кўп аёлларда камчилик кузатилаётгани бор гап. Баъзан зиёфатларга уларнинг ижозатисиз борамиз ёки зарурат бўлмаса-да, ҳашаматни талаб қиламиз. Эримизнинг топганига қаноат қилмаймиз.
Яна бир оғриқли масала – аёллар Рамазонда ифторлик учун йиғилсалар, амри маъруф, наҳйи мункар бир четда қолиб, мол-дунёлари билан мақтаниб кетадилар. Гўё ифторлик ҳам ғийбатга айланади. Аёлларнинг ғийбати, фитна ва бўҳтон қилиши оқибатида инсонлар зиён кўрмоқда, оилалар пароканда бўляпти.
Шундай экан, бу йилги Рамазон ҳар қачонгидан ҳам файзли ва ибратли бўлиши керак. Бу Рамазонда ғийбат, бўҳтон, чақимчилик ва барча иллатлардан қайта қилмаслик шарти билан воз кечайлик! Тавфиқ Аллоҳдан.
Дилноза ШОДМОНОВА,
Нарпай тумани отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws