Зиёли она зукко болани улғайтиради
Таҳририятга келаётган эр-хотин, қайнона-келин муносабатларига оид мактублар орасида илтимос, надомат ва дардга тўла шикоятлар ҳам бор. Айниқса, қизларнинг эрта оила қуриши билан боғлиқ мурожаатлар юракни ўртайди. Қамаши туманида яшовчи онахон Хуршида ЧОРИЕВА қизининг тақдири ҳақида бундай ёзади:
“Норози бўлишимга қарамай эрим: “Кекса онам неварасининг тўйини кўрсин”, деб мактабда ўқиётган қизимизни узатди. Ҳали оқ-қорани билмаган боламнинг ёш бошига турмуш ташвиши тушди. Қизим ўқиш орзусида эди. Қудалар “Мактабни тугатса, ўзимиз ўқитамиз”, деб ваъда берганди. Тўй ўтгач, ваъдалари эсдан чиқди. Мен: “Майли, ўқишга улгурасан, эрингнинг раъйига қара. Оиланг тинч бўлсин”, деб насиҳат қилдим. Аммо қизимга эридан ажралиб келган қайнопаси кун бермас, боламдан ҳаддан ортиқ кўп ишларни талаб қиларди. Шунинг касрига ҳомиласи икки марта нобуд бўлди. Бора-бора қайнона, қайнотаси ва эрининг ҳам унга муомаласи ўзгарди. Куёвим оиласини ҳимоя қилиш, асраш ўрнига қизимни оёқости қилди. Эрим қизимизни ёш турмушга узатганига минг пушаймон”…
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида 20 ёшгача оила қурганлар сони 65 мингдан кўп бўлган. Бу рақамлар ортида ёш, ҳали ақлини танимаган қизлар борлиги кишини ўйлантиради. Сўнгги йилларда вояга етмаган қизларни узатиш, эрта туғуруқларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларга қарамай, бундай ҳолатлар ҳамон учраётгани аянчли. Ажабнарлиси, бу анъананинг ташаббускори асосан оила катталари.
Мутахассислар фикрича, қизларнинг 20 ёшгача она бўлиши соғлик учун ўта хатарли бўлиб, ёш оналар орасида касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичлари юқори фоизни ташкил этади. Эрта турмуш қурган оилаларнинг аксарияти ҳаётининг иккинчи ёки учинчи йилларидаёқ ажрашиб кетади. Айниқса, жамиятимизда келиндан ҳар бир ишда мукаммаллик талаб қилинишини ҳисобга олсак, маънан ва жисмонан тайёр бўлмаган қизларнинг она бўлиши қурбонликни тақозо этади.
Самарқанд тумани, Янгиариқ маҳалла раиси Ўткир ШАРИПОВ:
“Афсуслар бўлсинки, охирги пайтлар ажралишишлар кўпайди. Уларнинг катта қисми эрта оила қурганларга тўғри келяпти. Олдинлари оила пароканда бўлиши учун жиддий муаммо сабаб бўларди. Ёшларнинг оила қуришга ақлан, маънан тайёр бўлмагани асосий сабаб бўлса-да, бу ҳолатни юзага келтираётган бошқа бир қанча омиллар бор. Биринчи навбатда, ота хорижда бўлган оила фарзандларида ёки оила бошқаруви аёллар қўлида бўлса, шундай ҳолатлар кўп кузатилади. Бирор касбнинг бошини тутмаган ёш йигитлар ҳам бахтли бўлмайди.
Яқинда маҳалла идорасига бир оила тўй маслаҳати билан чиқишди. Қиммат ресторанда 350 кишилик тўй ўтказамиз деди. 200 кишилик тўй қилинг, деб маслаҳат бердим. Аммо оилада аёлнинг айтгани айтган экан. У на бир жамоат тартибига қулоқ тутади, на эрига. Ўзи бир аҳволда юрибди. Соғлиги ҳақида сўрасам, “Даволанишим керак”, деяпти. “30 эмас, 20 миллионлик тўй қилинг, қолган пулга эр-хотин бирор санаторияда даволаниб келинг”, дедим. Лекин аёл “Катта тўй қиламан” деб туриб олди. Энди ўзингиз ўйланг, ҳаммага ўз фикрини ўтказадиган қайнона ёшларга қанчалик таъсир қилиши мумкин. Оила қуриш масаласига орзу-ҳавас деб эмас, фарзандларимиз ҳаётига масъулият деб ёндашишимиз керак
Қизлар учун энг мақбул ёш 20 дан кейин, йигитларга эса 23-25 ёш. Бу ёшда ўғил бола тобланган, меҳнатга ўрганган ва анча ўзини босиб олган бўлади…”
Бухоро вилояти бош-имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ризвон БАҲРАМОВА:
“Қиз ўзи ва эрининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳамда оиладаги вазифаларини тушунган ҳолда оила қурса, у оила бахтли бўлади. Динимизда мажбурлаш йўқ. Қиз боланинг розилиги никоҳнинг шартларидан бири. Тарбияли, илмли қиз борган жойида тинчиб кетади.
Идорамизга қайнона-келин муносабатларида маслаҳат сўраб келадиганлар кўп. Қайноналар ёш келиннинг тажрибасизлигидан норози бўлиб гапирса, келинлар эса қайнона, қайнопа ва қайнсингилларнинг эр-хотин орасига кўп аралашишини айтишади. Мулоҳазали, ўқимишли қайноналарнинг уйи тинч, улар келиндан ҳаддан ортиқ нарсани талаб қилмайди. Аёлларимиз кўпроқ илм олишга иштиёқманд бўлсалар, ўзига ҳам, оиласига ҳам катта ёрдам берган бўлардилар”.
Уч ўғилни вояга етказиб, уйлантириб, тиниб-тинчиган Гулбаҳор аядан оиладаги тотувлик сирини сўрадим. Эътиборлиси, бу қайнона уч келини билан бир ҳовлида яшайди:
“Келинларимни 19-20 ёшларида туширганмиз. Қизимиз бўлмагани учунми, уларнинг ҳар бирини ўз қизимиздек кўрамиз. Ёш қизнинг уқувсиз бўлиши табиий. Буни тушунган ҳолда келинларимдан нуқсон топишга уринмаганман. Шунинг учун шу пайтгача аҳил-иноқмиз.
Биз эр-хотин орасига тушмаймиз. Аксинча, ҳаммани жипслаштиришга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун учала келиним ҳам худди опа-сингилдек бир ҳовлида яшашади. Ўзлари учун алоҳида уй олишган бўлса-да, кўчиб кетишмайди”.
Бир сўз билан айтганда, қиз боланинг бўйи етиши билан уни узатиш тўғри эмас. Шундай экан, аёл нафақат уй бекаси, балки оқила она, миллат тарбиячиси эканини унутмайлик. У илмли, руҳан ва жисмонан оила қуришга тайёр бўлса, ундан соғлом фарзандлар дунёга келади. Зеро, зиёли оналаргина зукко болаларни улғайтиради.
Нафиса ПАРДАЕВА
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws