“Маърифатли” жоме масжиди
Зомин туманидаги “Хожа Қаҳҳор Валий” мажмуаси таркибига кирувчи “Маърифатли” жоме масжиди саккиз йил аввал бунёд этилди.
Тарихий маскан ҳисобланган жоме кўплаб талотўпларни бошидан ўтказган. Шу боис бир неча бор қайта тикланган. Унинг эски биноси XIX асрнинг охирида (1898) қурилган. Мустабид тузум даврида масжид фаолияти буткул тўхтатилган. Фаолларнинг саъй-ҳаракати туфайли 1977 йилда қайта иш бошлаган. 1985 йили масжид биноси янгиланиб, хонақоҳ ва ҳовлисига 2000 нафар одам сиғадиган бўлди. 2014 йилга келиб эса у тубдан қайта таъмирланди. Масжид ҳовлисида “Хожа Қаҳҳор Валий” (Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг халқ орасидаги номи, масжид номи ҳам олдин “Холид ибн Валид” деб аталган) рамзий мақбараси, шунингдек, тахминан етти асрни кўрган “Бобо тут” дарахти бор.
2017 йилнинг бошларида Юртбошимиз ташаббуси билан масжид майдони кенгайтирилиб, кенг ва ёруғ хонақоҳ барпо этилди. Ҳозирда жоменинг умумий майдони 1,5 гектар бўлиб, намозхонасига 1650 киши, ҳовлиси билан қўшиб ҳисоблаганда беш минг намозхонни сиғдиради. Шунингдек, аёллар учун ҳам таҳоратхона ва алоҳида намозгоҳ мавжуд.
Масжид ҳовлисига экилган анвойи гуллар, ҳовли ўртасидаги ҳовуз ва фаввора одамларга кўтаринки кайфият бағишлаш билан бирга, ён-атрофга салқинлик улашади.
Ушбу кўркам масжиднинг хонақоҳ девори ва меҳроб ўзига хос, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан дуолар битилган.
Жоменинг бир вақтда 32 киши мутолаа қилишига мўлжалланган кутубхонаси ҳам бўлиб, одамларнинг диний билимларини оширишга хизмат қилмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws