Аллоҳ таолонинг Ҳаёт сифати
Муштарийларнинг таклиф ва тавсияларини инобатга олиб, “Эътиқод гавҳари” рукнини ташкил этдик. Шу рукн остида эътиборли манбалар асосида Аллоҳ таолонинг субутий сифатлари ҳақида қисқа ва лўнда маълумотлар бериб боришни лозим топдик.
Заҳириддин МУҲАММАД БОБУР
Бор субутий сифатлари етти,
Ушбуларни салаф баён этти.
Бири бу еттидин ҳаётдурур,
Ул ҳаётеки бемамотдурур.
Бу ҳаёт эл ҳаётидек эрмас,
Васфи Ҳақ эл сифотидек эрмас.
Тану жондин эмас ҳаёти Анинг,
Ўхшамас халқға сифоти Анинг.
Насрий баёни
Аллоҳ таолонинг субутий, яъни Ўз зоти билан собит бўлган сифатлари еттитадир, уни салаф(и солиҳийн) – олдинги ўтган солиҳ зотлар (саҳобалар, тобеинлар, дин имомлари) баён қилгандирлар.
Изоҳ: Бошқа ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг субутий сифатлари саккизта деб кўрсатилган ва таквин (билфеъл яратмоқ сифати) ҳам саналган.
Бу етти сифатдан бири ҳаёт сифатидир, Яратган зотнинг ҳаёти ўлим билмас абадий ҳаётдир. Бу ҳаёт одамларнинг, яралмишларнинг ҳаётидек (тугайдиган) эмас, Ҳақ таолонинг васфи-сифатлари ҳам яралмиш инсонларнинг (ва бошқа махлуқотнинг) сифатларидек эмас. Унинг ҳаёти тан ва жондан (бадан ва руҳдан) иборат эмас, Унинг сифатлари яралмиш нарсаларнинг сифатига ўхшамайди.
Изоҳ: Ҳаёт Аллоҳнинг азалий сифатларидандир. Бу сифат билан сифатланган бўлиш илм эгаси бўлмоқни тақозо этади. Аллоҳнинг ҳаёти азалий ва абадий ўлароқ Ўз зотидандир, Ўз зотидан бир зум ҳам ажралмайди. Унинг ҳаёти бошқа нарсалардан фойдаланиб вужудга келган эмас. Этлар, томирлар (бадан, жон) ва турли моддалардан вужудга келмоқдан ҳам пок ва муназзаҳдир. Аъзога эга бўлмоқ, турли моддалардан вужудга келган бўлмоқ, бор бўлиш учун ҳар қандай бир унсурга муҳтож бўлмоқ Аллоҳ таоло ҳақида тасаввур қилинмайди.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
“Тақводор мўмин сўзлари ҳикматли, бошқаларга таъсирчан бўлиши учун ал-Ҳай исмини кун давомида 324 марта зикр қилиши тавсия этилади” (“Аллоҳнинг гўзал исмлари”, Тошкент, 2023)