Аллоҳ ёди кўнгилларни қилди хуррам
Сулаймон Боқирғоний тасаввуфнинг йирик намояндаси, шоир. Аҳмад Яссавий тариқатининг давомчиси. Халқ орасида “Ҳаким ота” номи билан ҳам машҳур. Яссавийга мурид (шогирд) бўлган, ўз иқтидори ва шеърий истеъдоди билан пирининг эътиборини қозонган.
1911 йилда ёзилган Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб”да айтилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ҳурматидан дарсга бораётиб Мусҳафни боши узра кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. У зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.
Алишер Навоий “Насойимулмуҳаббат” тазкирасида ёзади: «Оти Сулаймондур ва Хожа Аҳмад Яссавий қаддасаллоҳу сирраҳунинг муридидур. Ҳамоноки, бир кун табхе1 буюрғондурларки, матбахий ўтун етмайдур, деб келгандур. Алар асҳобға дегандурларки, ёзидин ўтун териб келтурунг! Ва ул замон ёғин ёғадур экандур. Асҳобким, ўтун терибдурлар, алар хизматиға келгунча ёғин жиҳатидан ўтунлар ҳўл бўлғондур. Ҳаким ато терган ўтунларини тўниға чирмаб, қуруқ келтургандур. Хожа Ҳазратлари дегандурларки: “Эй фарзанд, ҳакимона иш қилдинг” ва аларға бу лақаб ондин қолғондур. Ва Ҳаким атоға ҳикмат тили гўё бўлубдур. Андоқки, онинг фавоиди атрок оросида машҳурдур».
Боқирғоний ҳазратлари устозининг тариқати қоидаларини янада чуқурлаштириб, кенг халқ оммасига етказган. Содда, равон услубда ижод қилган. Ўз асарларида шариат ва тариқат қоидаларини тарғиб этган, кишиларни охиратни ўйлаб яшашга, Аллоҳнинг карамидан баҳраманд бўлишга даъват этган.
Сулаймон Боқирғоний туркий шеърият намояндаларидан ҳисобланади. Унинг ҳикматлари “Боқирғон китоби” номи билан машҳур. Яссавиёна битиклари туркий халқлар орасида кенг тарқалган.
“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.
ҲИКМАТ
Маърифат дарёсинда ғаввос бўлуб,
Муҳаббат гавҳарларин олғум келур.
Тариқат майдонинда парвоз қилиб,
Ул Тубо дарахтига қўнғум келур.
Ошиқ бўлуб, дарёсига чўмсам, ботсам,
Мосиваллоҳ пардасини кечиб ўтсам,
Ўздин кечиб, муҳаббатда сизиб оқсам,
Софий бўлуб, Ҳазрат тобо2 борғум келур.
Аллоҳ ёди ошиқлардин холи бўлмас,
Ҳақиқат эр бу дунёға майл қилмас.
Ҳайрон бўлуб бу дунёни кўзга илмас,
Ман тақи бу дунёни қўйғум келур.
Аллоҳ ёди кўнгилларни қилди хуррам,
Балх мулкини қўюб гилем3 кийди Адҳам,
Гилем киюб ҳидоятға урди қадам,
Ҳидоятға ундоқ қадам урғум келур.
Салим бўлуб, софий бўлуб Жунайд янглиғ,
Халқни қўюб, Ҳаққа ёнсам Зуннун янглиғ,
Нафсим босиб, қаҳр қилсам Ҳасан янглиғ,
Азизларға мутобаат қилғум келур…
Шавқ шароби етилиб мани қилди хароб,
Муҳаббатнинг ўти бирла бағрим кабоб,
Дийдорини рўзи қилса Изим Ваҳҳоб,
Доруссалом саройиға кирғум келур.
Қул Сулаймон гавҳар янглиғ ҳикмат тузди,
Азизларнинг мадҳи бирла сўзин ёзди.
Узун тунни кунга улаб қойим турди,
Дуо ўқуб, равон ҳикмат айғум келур.
1 Табхе – ошпаз.
2 Ҳазрат тобо – Аллоҳ таоло.
3 Гилем – бу ўринда дарвишлар либоси.
Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,
тарих фанлари доктори
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 14-сонидан