Ёнимдаги жавоҳирим
Эрталабдан эр-хотин гап талашиб олишди. Муаззам норизо оҳангда:
– Сабр қил, дейсиз фақат. Ҳаракат қилганга баракот бўлади-да. Балки бирорта қўшимча иш қилиш керакмикин? Мен ҳам таъмирланган чиройли уйларда яшасам, дунё кезсам дейман. Дугонамнинг эри “иномарка” совға қилди. Кеча эса икковлашиб Мисрга учиб кетишди. Менда эса ҳар куни бир хил ҳаёт…
– Бизга ҳам Аллоҳ беряпти-ку. Дугонангнинг эрига ота-онаси уй олиб берди. Мен эса уй-жойни ўзим қилдим. “Иномарка” бўлмаса ҳам, ўзингга мос кичикроқ машина олиб берган бўлсам. Қолган нарсаларга ҳам аста-секин эришамиз. Борига шукр қилсак, бир ёқадан бош чиқарсак, мақсадларга тезроқ етишамиз…
“Бироз ошириб юбордим, эрим ҳақ. Қачон охирги марта шукр” дедим?! Ҳамиша норози бўламан. Шўрлик жуфти ҳалолимнинг гапини икки қилганим қилган. Балки уйларни таъмирлаб беролмаётгандир, лекин доим кўнглимга қарайди. Ўша бойлик қурғур ҳаммага ҳам берилмаскан-да”.
Муаззам эрини ишга кузатиб шу ўйлар билан андармон бўлди. Бугунги кунни тамоман бошқача ўтказишга, телефонни умуман қўлига олмасликка аҳд қилди. Инстаграм тармоғини буткул ўчирди. Ўзига қаҳва дамлади, турмуш ўртоғи совға қилган, бироқ бирор марта ҳам очиб қарамаган ҳадислар китобини жавондан олди. Қачон охирги марта икки қатор ўқиганини эслолмади. Китобни очиб, уни тўйиб ҳидлади. Мундарижадан “Никоҳ ва оила боби”ни топди. Курсига жойлашиб, дамлаган қаҳвасини шошилмай ҳўплади. “Солиҳа аёл”ни ўқишни бошлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ҳузурланиш жойидир. Дунё ҳузурининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти)» деган жумлаларни икки марта ўқиди. Муаззамнинг бўғзида бир нима тиқилгандек бўлди: “Мен ўзи ҳақиқатан солиҳа аёлманми?” дея чуқур ўйга толди. Кўзлари намланди. Ўтган кунлари, вақтини беҳуда сарфлагани, оғзидан чиқаётган гап-сўзларини таҳлил қилди. Охирги марта қачон болалари билан хотиржам вақт ўтказганини, эри билан дилдан суҳбатлашганини, намозларидан кейин узундан-узун зикрлар билан банд бўлганини эслай олмади. Инстаграмнинг чинакам томошабинига айланиб, бировларнинг “мукаммал ҳаёти”ни орзу қилиш билан гўё умрини бой бергандек ҳиссиёт дилини тилка-пора қилди.
“Шу бугун қалбимни уйғотадиган кунинг экан, Раббим! Сени унутганим учун афв эт”, деди кўз ёшларини артаркан. Сўнг ҳадисларни ўқишда давом этди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аёлларнинг энг яхшиси қайси? деб сўралди. У зот алайҳисалом: “Аёлларнинг энг яхшиси қараса – хурсанд, буюрса – итоат этадигани ва нафсида ҳам, молида ҳам эрига хилоф қилмайдиганидир”, дедилар».
Муаззамга шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилди.
Уйларни обдон меҳр билан тозалади, жавондаги кийимларни тартиблади. Юмушлар билан машғул бўлар экан, тинмай “Лаа ҳавла ва лаа қувватаҳ иллаа биллааҳ” зикри-ла қалби нурланди. Кечки таомга жуфти ҳалоли суядиган мантиларни меҳр билан тугди ва қасқонга жойлаб, пишгунча боғдан атиргулларни кесиб келди, вазага солди. Бирпасда уйни атиргул ифори эгаллади.
Ўзига оро бериб, пардоз қилди. Дугоналарига мақтаниш учун олган қизил ҳарир кўйлагини кийди. Атир сепди. Ойнага термулиб “Нега уйда шунақа чиройли бўлиб юрмайман? Гўзал бўлиш учун бирор тантана шартми?!” дея фикр қилди. Онасининг кайфияти ўзгарганини пайқаган болалар ҳам хурсанд эди.
Ишдан келган жуфти ҳалолини табассум билан кутиб олди. Таомланиб бўлишгач, дастурхон узра:
– Дадангиздек меҳрибон, оилапарвар ва меҳнаткаш инсонлар саноқли. Ҳозироқ дадангизни қучиб, миннатдорлик билдиринг! – деди.
Болалар қувонч билан “Менинг дадам!” деб қичқиришди, оталарига ёпишиб ўйнашди. Шу ҳолатда Муаззам шивирлаб:
– Дадажониси, мен бошқаларнинг ҳаётини орзулаб, ёнимдаги бахтимни унутиб қўйган эканман. Нолийвериб қалб кўзим сўқир бўлиб қолибди. Мени кечиринг… – деди.
Жуфти ҳалоли унинг кўзларига тикилди. У кўзларда чин ихлос, шукроналик ва меҳрни кўрди. Сукут билан пешонасидан ўпиб қўйди.
Эртаси тонгда бомдод маҳали: “Қалбимни шукр шукуҳи билан тўлдирган Эгам, ёримнинг касбига туганмас барака ато эт! Шунча неъматлар билан сийлаган Роббим, ҳамиша шукроналикда яшашни насиба эт!” деб дуо қилаётган Муаззамни кузатиб турган эри: “Аллоҳ ёмон кўзлардан асрасин”, деб табассум қилди.
Нафиса ПАРДАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws