Имтиҳон
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Аллоҳ мени кўриб турибди” китобини мутолаа қилдим. Унда охират саодати, илму ирфон, руҳий тарбия каби бир қатор мавзулар, ҳаётий ибратли воқеалар ўрин олган. Буларни ўқиган киши “Аллоҳ таоло мени кўриб турибди” деган эътиқодга келади.
Китобдан иқтибос. Шундай ривоятлардан бирида бундай баён қилинади:
«Валийлик даражасига етган улуғ зотдан шогирдлари сўрашибди: “Ҳазрат, бу даражага етишингизга нима сабаб бўлган?” Шунда устоз: “Кенжа ўғлим мадрасада ўқирди. Бир куни уни титроқ босаётганини кўриб, ҳайрон бўлдим.
– Болам, тобинг йўқми? – деб сўрадим.
– Йўқ, яхшиман, – деди.
– Унда нега қалтираяпсан?
– Отажон, эртага имтиҳоним. Ундан ўтолмасам, шарманда бўлиб, устозлардан дакки эшитаман… Ўтолсам, мукофот… Мана шуни ўйлаб, қалтираб кетяпман.
– Аллоҳнинг айтгани бўлади, болам. Яхши тайёрланган бўлсанг, имтиҳондан ўтасан. Ухлаб, ором ол, – дедим.
Сўнгра ўйланиб қолдим. Имтиҳонни дўстлари, устозлари олдида топширади. Ундан ўтолмаса, жилла қурса, бир оғизгина гап эшитади. Боламнинг ўқишдаги имтиҳондан шунчалик қўрқаётганини кўриб, ўзимдан уялиб кетдим… Бутун оламлар Раббисининг ҳузуридаги имтиҳонни қандай топшираман, деб қўрқмасдан ухлаётганим учун ўзимни койидим… Шу кундан бошлаб ҳар тунда “эртага имтиҳоним бор” деб қўрқадиган бўлдим…»
Бу дунё имтиҳонидан йиқилсак, қайта топшириш имкони бор. Аммо охират имтиҳони бир марта бўлади. Унга тайёргарликни бугундан, ҳозирдан бошлаш лозим.
Китобда чуқур ўйга толдирадиган, ибратли ривояту ҳикоялар жуда кўп. Уларни ўқиган, уққан киши икки дунёси учун ҳам кўплаб манфаатлар олади, иншоаллоҳ.
Нилуфар АБЛАЕВА
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан