Ўзганинг ҳақи
Йўлда ҳамроҳ бўлган отахон билан машинамда Тошкентга кетяпмиз. Жомбойга етганимизда, у киши йўл бўйида батартиб тизилган дарахтларга қараб: “Мен ҳам кўчат парваришлашни яхши кўраман”, деди. “Боғингиз катта бўлса кераг-а?” дедим.
«Йўқ, ҳовлим кичик. Аммо ўзим ишлаган нефт-газ корхонасига қарашли 34 гектарлик боққа анча меҳнатим сингган, – дея гап бошлади у.
– Ҳатто Фарғонадан кўчатлар олиб келдим. Боғ уч-тўрт йилда мевага кирди. Авваллари ҳашарга ҳоли келмайдиган ҳамкасблар кунда-шунда бўлиб қолишди. Боғда футбол майдончаси, бассейн, волейбол майдончаси ҳам қурилди.
Бир куни эрталаб касаба уюшмаси раиси Тўлақул Дамиров қўнғироқ қилди. Салом-аликдан сўнг:
– Юқоридан комиссия келган, боғингизни текширгани боради. Ўзганинг ҳақи Тайёргарлик кўринг. Ҳаммаёқ тоза, саришта бўлсин. Туш пайти ўша ерда бўламиз. Ҳужжатларни ҳам тахт қилинг. Айтмоқчи, сизда май олмаси бор-а, ўшандан комиссияга бир-икки қути тайёрлаб қўйинг.
– Биласизми, – деб унинг гапини бўлдим, – бу йил май олмасининг ҳосили яхши бўлмади. Яхшиси, бозордан сотиб оламан.
– Ҳа, яхши, бизга ҳам беш-ўн кило олинг, – деб гўшакни қўйди.
Ҳовлига сув сепдим, ошхонани тартибга келтириб, шўрва осдим. Ҳар эҳтимолга қарши бассейннинг сувини янгиладим. Хуллас, ҳаммаёқни саранжомлаб, комиссияни кута бошладим.
Раис тушга яқин машинасида бир одам билан келиб, у ёқ-бу ёқни кўздан кечиргач:
– Чойингиз тайёрми? – деб сўради.
Уларни сўрига бошлаб, дастурхонга ноз-неъматларни келтиргач, ҳужжатларни қўйдим. Раис қулоғимга шивирлади: “Хотиржам бўлинг, сизни қаттиқ текширмайди. Фақат айтилганларни тахланг”.
Ҳар замонда “комиссия” менга қараб қўяди. Ҳайрон бўламан. Бир-икки соат ўтиргач, бозорга йўл олдик, сара олмаларни қутига жойлаб олиб чиқдим. Раисимиз: “Яна ул-бул нарса олай”, деб бозорга кириб кетди.
Мен билан холи қолган “комиссия” олманинг нархини сўради. Сўнг чўнтагидан пул чиқариб: “Ака, кечирасиз, мен текширувчи эмасман. Раисингизнинг курсдошиман, холос. Мана пули, олинг, илтимос”,деди. Қотиб қолдим. Пулини башарасига отиб юбориб: “Садқаи одам кетинглар, эсиз шунча вақтим”, дедим. Узрига ҳам қулоқ солмай, машинамни ҳайдаб, боққа қайтдим. Кун бўйи бошим оғриди. Бу нарса менга яхши сабоқ бўлди. Аслида айб ўзимда. Ишимда хато-камчилик бўлмаса-да, бемаъни андиша туфайли ўзимни муттаҳамдек тутдим. Аллоҳга шукр, мени пора беришдек оғир гуноҳдан сақлади. Ўша йигитнинг охирги сўзлари қу лоғим остида жаранглайди: “Дўстимнинг қилиғидан бехабар эдим. Болаларимга ҳалол едираман, бировнинг ҳақи менга керак эмас”.
Шунақа гаплар, боғларни кўриб, “комиссия” воқеаси эсимга тушди». Анча жойгача жим кетдик.
Аллоҳдан: “Иймонли, инсофли одамлар бор бўлсин. Ҳалол ризқдан айирмасин”, дедим.
Эргаш ЯХШИБОЕВ,
Қарши тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws