Ҳомиланинг меросдаги ҳақи
Вафот этган кишининг хотини ҳомиладор бўлса, ҳомилага вафот этган кишидан қолган меросдан улуш ажратилади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида ҳомилага тўрт ўғил ё тўрт қизнинг улуши ажратилади. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида бир ўғилнинг ё бир қизнинг улуши ажратилади. Шу масалада Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзига фатво берилган. Шунинг учун бу масалага бир ўғил ё бир қизнинг улуши қолдирилади. Мероснинг қолган қисми ҳаёт бўлган меросхўрларга улушларидан бир миқдор қолдирилиб тақсимланади.
Ҳомилага мерос тегиши учун икки шарт бор. Биринчиси, тирик туғилиши. Агар ҳомиланинг аксар қисми чиқиб, унда тириклик аломатларидан бири кўринса, у мерос олади ва ундан бошқалар мерос олади. Аммо ўлик туғилса, йўқ инсон деб ҳисобланиб, мерос олмайди.
Иккинчиси, ҳомила отаси вафот этганда, она қорнида бўлишидир. Маълумки, мазҳабимизда ҳомиланинг туғилиш муддатининг энг ози олти ой, одатий муддати тўққиз ой ва энг узоғи икки йилдир. Шу боис ҳомила отаси вафот этган вақтдан сўнг энг узоғи икки йил ичида туғилиши керак. Ойша розияллоҳу анҳо: “Бола онасининг қорнида икки йилдан ортиқ қолмайди…” деган (Имом Байҳақий ривояти). Бу муддат ҳомила оламдан ўтган отасидан мерос олишга ҳақли бўлиш учундир. Аммо оламдан ўтган бошқа яқинлари меросига ҳақли бўлиши учун у ўтгач олти ойда туғилиши керак. Ҳомила ўғил ёки қиз туғилса, унга қолдирилган улушни олади. Қолган меросхўрлар улушларидан қолдирилган ҳақларини улушларига мос равишда тақсимлаб олишади.
Ҳомила мерос олиши ёки олмаслиги борасида олти ҳолат бор.
1. Мутлақо меросхўр бўлмаслик ҳолати. Бундай ҳомиланинг туғилишини кутилмасдан мерос тақсимлаб юборилади. Мисол учун, киши вафот этиб, ўзидан хотини, бобоси, бошқа эрдан ҳомиладор онаси қолди. Бу ҳолатда туғиладиган бола маййитга она бир ука ёки сингил ҳисобланади. Она бир ука ва сингил бобо билан ҳажб бўлгани учун умуман мерос олмайди.
2. Ҳомила ўғил ёки қиз бўлишига кўра мерос олиш ёки олмаслик ҳолати. Бунда мероснинг ҳомиланинг улушидан қолган қисми бола туғилгунича тақсимланмай туради. Масалан, маййитнинг хотини, амакиси ва туғишган акасининг ҳомиладор хотини қолган. Агар ҳомила ўғил бўлса, қолган тариканинг барчасини асабалик жиҳатидан олади. Чунки у туғишган аканинг ўғли бўлгани учун асабалик жиҳатидан амакидан олдин туради. Агар қиз туғилса, унга ҳеч нарса берилмайди, қолган мерос амакига берилади.
Демак, бу мисолда ўғил ҳомиланинг улуши ушлаб турилади. Агар ўғил туғилса, улуш унга берилади. Қиз туғилса, у амакига берилади.
3. Ҳомила жинсидан қатъи назар, мерос олади. Бу ҳолатда мероси кўпроғининг улуши ушлаб турилади. Масалан, маййитнинг ҳомиладор хотини, ота-онаси бор. Ўғил қиздан кўра кўпроқ улуш олиши туфайли ҳомила ўғил деб фараз қилинади. Чунки хотин, ота ва онанинг улуши берилгач, қолган мерос ўғил деб ҳисобланаётган ҳомилага асабалик жиҳатидан ўтади. Агар ҳомила қиз туғилса, қиз ярим (1/2) олади. Хотин ва она аввалги тақсимотдаги улушларини оладилар. Ота қолган меросни фарз эгаси ва асабалиги учун олади. Шунинг учун бу ерда ўғилнинг насибаси ушлаб турилади.
4. Қиз ёки ўғил бўлишига қарамай меросдаги улушнинг фарқ қилмаслик ҳолати. Масалан, маййитнинг туғишган синглиси, ота бир синглиси ва бошқа эрдан ҳомиладор онаси қолди. Она, сингил ва ота бир сингилларнинг ҳар бири ўз улушини Қуръон ва суннатга мувофиқ тарзда олади. Ҳомилага эса ўғил ёки қиз эканидан қатъи назар, 1/6 берилади. Шунинг учун меросдан 1/6 улуш ушлаб турилади.
5. Ҳомила билан бирга бошқа меросхўр бўлмаслик ёки у билан бор меросхўрнинг ўғил ҳомила сабабидан ҳажб бўлиш ҳолати. Бунда мерос ҳомила туғилгунча ҳеч қандай тақсимотсиз ушлаб турилади.
6. Ҳомиланинг қиз ёки ўғил эканига қараб мероснинг барчасини ёки ярмини олиш ҳолати. Мисол учун, киши вафот этиб, ўзидан ўғлининг ҳомиладор хотини ва ота бир укасини қолдирди. Ҳомила ўғил бўлса, барча меросни олади. Қиз бўлса, ярим улуш олади. Қолганини маййитнинг асабаси олади. Агар асабалар бўлмаса, қолгани рад қоидасига кўра қизга берилади. Шунинг учун бу ҳолатда ҳам мерос умуман тақсимланмасдан сақлаб турилади.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳомиланинг улуши ва эҳтиётан тақсимланмаган улушлар ҳомила дунёга келгунича ёки мерос тақсимотини тўлиқ суратда амалга ошириш имконияти келгунича омонатдор кишилар қўлида туради.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси, ЎзМИ Уламолар Кенгаши аъзоси
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан