Носирхон бобонинг ибрат мактаби
Юз ёшни қарши олаётган мактаби Саййид Носирхон эшон бобо Термиз саййидлари авлодидан. Заҳматкаш боғбон сифатида танилган бу зот ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчилари ва шоирлари, олиму фузалолар кўплаб китоблар, мақолалар ёзишган. Валий муттақий зот Шайх Саййид Носирхон Тўра диний ва дунёвий илмларни эгаллаган. Тариқат силсиласида Хожагон Нақшбандия – Баҳоуддин Нақшбанд йўли Эшони Қурбонжон Бойсунийга шогирд тушиб ижоза олган. Парҳезкор, тақводор ва ибодатли, қалби илму маърифатга боғланган. “Дил ба Ёру даст ба кор” ғояси унинг шиоридир.
Мустақиллик йилларида Носирхон Тўрақулов Сариосиё туманининг Тоқчи қишлоғида лалми адирликларни ўзлаштириб, яхши ниятлар билан боғ қилди. Уни “Боғу бўстон” деб номлади. Бундан ташқари, яна 300 гектардан ортиқ тақир ерларни суғориб, дарахт экди. Эшон бобонинг мазкур камтарона меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, “Ташаббус” кўрик-танлови ғолиби, “Президент совғаси”ни қўлга киритди.
Носирхон ота боғдорчиликдан тушган даромадларни мурувват уйлари, етим-есир ва эҳтиёжманд оилаларга эҳсон қилади.
Фидойи кекса боғбон халқ фаровонлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида тинмай меҳнат қилмоқда. Тоқчи қишлоғида ўғил-қизлар учун замонавий мактаб қурди. Қолаверса, маҳаллада кўприклар қуриш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви чиқариш, газ тармоқларини ўтказиш ва бошқа кўплаб хайрли ишларга бош-қош.
Айниқса, Тоқчи қишлоғидаги янги масжид қурилишида эшон бобонинг хизматлари беқиёсдир.
Юз ёшда бўлишига қарамай китоб мутолаасидан чарчамайди. Ёшларни ҳам илм-маърифат эгаллашга ундайди.
Дарвоқе, эшон бобонинг хонадонига келган меҳмонлар панду насиҳатларидан манфаат олиб қайтади.
Ҳамиша яхшиликка чорлаш, Ватанни севиш, унинг корига яраш каби ноёб фазилатлар Носирхон эшон бобонинг ҳаёт йўли ва ибрат мактабидир. Барчамизга ана шундай саодатли умр кечириш насиб қилсин!
Муҳаммадшариф МАҲМУДЗОДА,
Сурхондарё вилояти
http://hidoyatuz.taplink.ws