Бувиси бор қизлар…
Совчилар орасида “бувисининг тарбиясини кўрган” ёки “бобо-бувилари билан катта бўлган” деган жумла алоҳида тилга олинади.
— Буви тарбиясини кўрган қизлар серфикр, интизомли бўлишади, — дейди Хосият ая Сувонқулова (“Шуҳрат” медали совриндори, айни дамда нафақада). — Буви аксарият ҳолларда набираларини ёнига олиб, мулойимлик билан тушунтиради. Шунинг учун кўпинча болалар бувига кўпроқ қулоқ солишади.
“Қариси бор уйнинг париси бор”, деб бежизга айтилмайди. Дарҳақиқат, кексалар ҳаётий тажрибалари, меҳру муҳаббатлари билан оилада ўз ўринларига эга. Улар қаергадир кетсалар, уй ҳувиллаб қолади…
Луқмони Ҳакимдан:
— Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан? — деб сўрашди.
— Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбоннинг ниҳолни тарбия қилгани кабидир, — дея жавоб берди Луқмони Ҳаким.
Ислом динида кексаларни улуғлаш, ҳурмат қилишга буюрилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дедилар
(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса:
“Уч тоифа кишиларни — мусулмон қарияни, олимни ва одил подшоҳни — фақат мунофиқ кимса ҳурмат қилмайди”, дейилган
(Имом Табароний ривояти).
Кексаларнинг панду насиҳатлари, борликлари туфайли хонадонларимизга барака келишини унутмайлик!
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws