Ҳижрат жойи бугун қайси юрт?
Ҳабашистон – Ислом тарихида алоҳида ўрин тутадиган, баракали юртлардан бири. У исломий манбаларда биринчи ҳижрат қилинган диёр, адолатли подшо ҳукмронлик қилган мамлакат ва мусулмонларга паноҳ берган ўлка сифатида зикр этилади.
Исломнинг илк йиллари Маккада мусулмонларга нисбатан зулм ва тазйиқлар кучайган паллада Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни тавсия қилиб бундай деганлар: Ҳабашистон ерида бир подшоҳ бор, унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Унинг юртига боринглар. Аллоҳ сизларга ҳозирги аҳволингиздан бир енгиллик ва чиқиш йўлини яратиб бергунча ўша ерда бўлинглар” (Бу ривоятни Байҳақий ҳасан санад билан келтирган).
Шу тариқа милодий 615 йилда Ислом тарихидаги биринчи ҳижрат амалга ошган. Бу ҳижрат Исломнинг қўшни юртлар томонидан тинч ва адолат асосида қабул қилинганининг илк амалий намунаси бўлди.
Тарихий манбаларда Ҳабашистондаги ҳукмдор Нажоший адолатли подшо сифатида тасвирланади. Қурайш мушриклари мусулмонларни қайтариб олиш мақсадида элчилар юборганларида, Нажоший уларни тинглаб, қарор чиқаришдан олдин мусулмонларни ҳам эшитган. Жаъфар ибн Абу Толиб Нажоший ҳузурида Исломни баён қилиб, Марям сурасидан оятлар тиловат қилган. Нажоший ва унинг атрофидаги руҳонийлар бу оятларни эшитиб, кўз ёши тўкканлар. Кейин Нажоший: “Аллоҳга қасамки, сенинг гапинг Исо ибн Марям шаънига мана шу чўпчалик ҳам зарарли эмас!” деб мусулмонларни қурайш элчиларига топширишдан бош тортган.
Жумҳур уламонинг фикрига кўра, Нажоший Исломга кирган. Бу фикр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга йўллаган мактублари, Нажошийнинг жавоб мактуби ва бошқа тарихий ривоятлар билан қувватланади. Энг муҳим далил эса Нажоший вафот этганида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг унинг ҳақида: “Бугун солиҳ бир қул вафот этди”, деб ғойибона жаноза ўқиганларидир (Бухорий, Муслим). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бошқа бирон кишига ғойибона жаноза ўқимаганлар. Шу сабабли бу ҳодиса Нажошийнинг иймон келтирганига кучли далил
Нажоший даврида Ҳабашистонда мусулмонлар: хавфсиз яшаган, эркин ибодат қилган, таъқибга учрамаган. Айрим саҳобалар Нажоший вафот этгунига қадар Ҳабашистонда қолган. Шу жиҳатдан, Ҳабашистон Исломга қарши чиқмаган, балки уни ҳимоя қилган илк давлат сифатида ёдга олинади.
Нажошийдан кейинги Ҳабашистон тарихи исломий манбаларда кенг ёритилмаган. Бунинг сабаби ислом тарихчиларининг асосий эътибори Макка, Мадина ва кейинчалик исломий халифалик ҳудудларига қаратилгани билан изоҳланади. Аммо манбаларда Исломнинг Ҳабашистонда асосан тинч йўл билан тарқалгани, мусулмон жамоалар узлуксиз мавжуд бўлиб келгани таъкидланади.
Хулласи калом, Исломий манбаларга таянилган ҳолда айтилса, Ҳабашистон: Ислом тарихидаги биринчи ҳижрат юрти, адолатли подшо ҳукмронлик қилган мамлакат, Исломни қабул қилган ҳукмдор бошқарган диёр, мусулмонларга паноҳ ва ҳимоя берган баракали ўлка. Шунинг учун Ҳабашистон Ислом тарихида нафақат географик, балки маънавий жиҳатдан ҳам юксак аҳамиятга эга бўлган юрт сифатида алоҳида ҳурмат билан тилга олинади.
Қизиғи шундаки, кўпчилик юртдошларимиз юқоридаги ҳадисга асосланиб, Ҳабашистонни Африка қитъасидаги ягона давлат бўлган ва Нажоший Африканинг подшоҳи бўлган деб билади. Бироқ ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом “Ҳабашистон подшоҳи” демаганлар, балки “Ҳабашистон ерида бир подшоҳ бор”, деганлар. Бу билан у зот Африка қитъасидаги давлатлардан бирининг ҳукмдори деганлар.
“Нажоший” ҳукмдор дегани. Унинг исми шарифи – Ашҳама ибн Абжар. У тахминан 614–631 йилларда ҳукмронлик қилган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида яшаган Аксум подшоҳидир. Аксум подшолиги – қадимги дунёдаги катта империя бўлиб, I асрда бугунги Эфиопияда пайдо бўлган. Бу бой африка цивилизация асрлар давомида ривожланиб, кенг ҳудудни назорат қилган ҳамда Рим империясини Яқин Шарқ ва Ҳиндистон билан боғловчи мураккаб савдо йўлларига эга бўлган.
Демак, мусулмонлар ўша даврда Африка қитъасидаги бугунги Эфиопияга ҳижрат қилишган. Аммо дунё харитасига қарасангиз, бу давлат денгизга чиқа олмайди. Муҳожирлар у ерга денгиз йўли билан қандай қилиб етиб келган бўлиши мумкин? Гап шундаки, 1993 йил Эфиопия таркибидан Эритерия ажралиб чиққан ва денгиз йўлини ёпиб қолган. Яъни Эфиопия 1993 йилгача денгиз бўйидаги давлат ҳисобланган.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходими