Қалб кўзи очиқ инсон
Балиқчи туманида Машрабжон Тўлқинов деган камтарин, хокисор инсон яшайди. 34 ёшли бу йигитнинг 19 йил олдин “Бош мия энцефалити” касаллиги асоратидан кўзлари кўрмай қолди. Қанча даволатишмасин, фойдаси бўлмади. Машрабжон тушкунликка тушмай, ибодатларини мукаммал адо этишга интилди. Аудиоёзувлар ёрдамида Қуръон сураларини ёдлай бошлади. Қўни-қўшнилари билан 700 метр узоқликдаги “Сўфи ота” масжидига қатнади. Аста-секин йўлга мослашди ва ўзи ёлғиз бора оладиган бўлди.
Мана, 12 йилдан буён Машрабжон масжидда муаззин. Шу билан бирга, таҳоратхонанинг сочиқларини ювади.
– Қўл ва оёқ артиладиган сочиқларни қандай ажратасиз? – деб сўрайман.
– Аввало, сочиқлар ишлатиб бўлингандан кейин алоҳида идишларга ташланади, қолаверса, ўзим чеварларга илтимос қилиб, ажралиб туриши учун оёқ артадиган сочиқларга тугма қадатганман. Уларни алоҳида ёйиб қуритаман, – дейди у.
Машрабжоннинг савобли ишларидан хабар топган “Кўнгиллар султони” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Ҳусниддин Собиров унга рўзғор эҳтиёжи ва даволаниши учун ёрдам бермоқчи бўлди. Машрабжон: “Мендан кўра кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатинглар”, дея рад этди. Шунга қарамай, “Кўнгиллар султони” жамоаси саховатпеша тадбиркорлар кўмагида Машрабжоннинг оиласига кийим-кечаклар, 5 бош қўй ҳадя қилишди.
Ҳозирда Машрабжоннинг уйида мол-қўй, парранда бор. У бўш вақт топди дегунча марказий кутубхонага бориб аудиокитоблар ўқийди, билимларини оширади. Спорт билан шуғулланади. Кўзи ожизлар ўртасида ўтказилган қўл кураши мусобақасида 2021 йилда 1-ўринни, 2023 йилда 2-ўринни эгаллаган.
У турмуш ўртоғи Рисолатхон билан 3 нафар фарзандини тарбияламоқда.
Тўрт мучаси соғ бўлса-да, боқимандаликни касб қилган айрим одамларга: “Машрабжондан ибрат олинглар”, дегинг келади. Зеро, унинг ишлари, ҳаракати ва матонати кўпчиликка сабоқдир.
Усмонали ҲОЖИМАТОВ,
Балиқчи тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан