Анқарада ўзбекистонлик талабалар учун ифтор
Анқаранинг Чанкай туманида жойлашган Туркия касаба уюшмалари жамияти – “Turk-ish” биносида Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси томонидан ватандошлар учун ифтор дастурхони ташкил этилди. Бу ҳақда “Dunyo News Agency” нашри хабар берди.
Тадбирда Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, шунингдек Эргюн Аталай – Türk-İş жамияти раиси иштирок этди. Шунингдек, тадбирни ёритиш мақсадида “TRT Avaz” ахборот агентлиги вакиллари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили бўлган имом-хатиб ўз маърузасида Рамазон ойининг маънавий аҳамияти ҳақида сўз юритиб, бу ой инсонларни яхшилик, меҳр-оқибат ва саховатга чорлашини таъкидлади. Шу билан бирга, ёшларни тарбиялаш ва уларни бузғунчи ғоялардан асраш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Эргюн Аталай тадбир юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Рамазон ойида Ватанидан узоқда бўлган ўзбекистонлик талабалар давлат эътиборидан четда қолмаётганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бундай учрашувлар ёшларнинг Ватан ва оила соғинчини бироз енгиллаштиради.
Ифтор самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда ва бутун ислом оламида тинчлик ва фаровонлик бўлишини тилаб дуо қилдилар. Якунда меҳмонлар хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирдилар.
И.Аҳмедов тайёрлади.