Суннатда мақталган таом
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таомномасида “талбина” муҳим ўрин тутган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот:
“Талбина (арпа ёрмаси) дардманднинг юрагини тинчлантиради, ғам-қайғуни юмшатади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Талбина — арпа унини сув ёки сутда қайнатиб тайёрланадиган, енгил ҳазм бўладиган қувватбахш таом. Ҳадисларда айтилганидек, у инсонни тинчлантиради, асаб тизимидаги зўриқишни камайтиради ва изтиробларни енгишга ёрдам беради.
Ҳазм тизимини мустаҳкамловчи арпа табиий пробиотикларга бой бўлиб, ичакларни тозалайди, қабзиятни даволайди. Юрак ва қон томир фаолиятига ҳам фойдали. Талбинада бета-глюкан моддаси бўлиб, у холестеринни камайтиради, қон айланишини яхшилайди ва нафас тизимини қувватлайди.
Иммунитетни оширувчи арпа ёрмасида магний, темир, цинк ва В гуруҳи витаминлари мавжуд бўлиб, уни овқат ўрнида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Кечқурун енгил овқат сифатида, хасталикдан тикланиш учун, шунингдек, болалар ва кексалар учун жуда фойдали. Уни Рамазон ойида саҳарликда ейиш ҳам тавсия этилади.
Талбинанинг тайёрланиши:
Икки қошиқ арпа унига бир стакан сув ёки сут аралаштириб, 20 дақиқа паст оловда пиширамиз. Пишгач, таъбга кўра асал ёки туз солинади. Асал ўрнига араб хурмосини майдалаб аралаштириб истеъмол қилиш мумкин.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws