Ҳар зарраси санъат асари
Қор ёғиши табиатнинг енгил, мусаффо манзарасини намоён этади. Ер юзи оппоқ либосга бурканиб, ҳаво тоза ва шаффоф кўринади. Қор парчалари қўл кафтингизга қўниши билан дарҳол эрийди.
Олимларнинг таъкидлашича, қор зарраларининг ҳар бири шакли жиҳатдан бетакрордир. Ер юзи буткул қор билан қопланган тақдирда ҳам ҳеч бир зарра иккинчисига ўхшамайди.
Олимлар қор парчаларини махсус усулда суратга олиб, ҳар бир зарранинг мураккаб ва бетакрор эканини исботлаган. Уларнинг 1985 йилдаги хулосасига кўра, ҳар бир қор зарраси мукаммал “санъат асари”дир.
Бу ҳолат инсонни Яратганнинг қудрати ҳақида ўйлашга чорлайди. Қуръони каримда бундай дейилади:
«Албатта, бунда тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бор»
(Наҳл сураси, 11-оят).
Қор қишда тоғларда тўпланадиган муз захиралари баҳорда дарёлар сувининг меъёрда бўлишини таъминлайди. Қор кўп ёғса, баҳорда ўт-ўлан мўл бўлиб, ерлар серҳосил бўлади.
Аллоҳ таоло Каломида яна: «У осмондан сув нозил қилган Зотдир…»
(Анъом сураси, 99-оят).
Ушбу оят сув, гиёҳ, мева ва ўсимликларнинг хилма-хиллиги баробарида Яратган қудратининг белгиларини баён этади.
Момоларимиз узун тунларда ип йигириб, қизлар кашта тикиш асносида сандаллар атрофида ўтириб ғазалхонлик қилишган. Бугун биз ҳам телефонни бир четга қўйиб, китоб мушоиралари уюштирсак, романларни таҳлил қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Демак, қиш фасли бизнинг кейинги фаслларимизга барака олиб келади. Шу ғанимат вақтларда Қуръон ўқиш, зикр қилиш, онахонлар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш, дўст-яқинларни зиёрат этиш каби амалларни кўпайтириш улуғлар тавсия қилган хайрли ишлардандир.
Зеро, қорнинг ёғиши ва тунларнинг сокинлиги бизни илмга, ибодатга янада маҳкамроқ боғлайди.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws