Тонгги ибодатлар баракаси
Уйқу ҳаётимизга, руҳиятимизга, жисмоний саломатлигимизга, ҳатто умримизнинг узоқ ёки қисқа бўлишига ҳам таъсир кўрсатади.
Хўп, шу қадар муҳим таъсирга эга бўлган уйқу борасида аёл-қизларимиз қайси йўлни тутмоғи, қандай одатларни шакллантирмоғи лозим?
– Ҳар куни бир хил вақтда ухлашга ҳаракат қилиши; ҳар кеча узлуксиз, тўлиқ ухлаб, соғлом тунги уйқу олиши; уйқудан олдин кофеин сақловчи овқат ва ичимликлар ҳамда уйқуни қочирадиган дори воситаларидан сақланиши; дарс тайёрлаш ёки имтиҳонга ҳозирланиш учун тунда ухламай чиқмаслиги; имкон бўлса, компьютер ва телевизор ётоқхонада ухламаслиги; ўта оч ҳам, жуда тўқ ҳам бўлмаслиги; ётоқхона тинч, қоронғи ва бироз салқин бўлишига эътибор бериши ва ҳар куни эрталаб бир хил вақтда туриши каби ҳолатларга эътиборли бўлиши лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим! Умматимнинг тонгига барака бер”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият (омили)дир” (Имом Табароний, “Авсат”).
Энг асосийси инсон тунда уйқу босиб қолмасдан тетиклигида хуфтонни ҳузур қилиб ўқиш учун намоз вақти киргани заҳоти адо этади ва ётиб ухлайди. Чунки бомдодга уйғониши керак ва шу билан қуёш чиқмагунча ётмайди. “Ва саҳарларда улар (қилган саҳв-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар” (Зорият сураси, 18-оят). Аллоҳ таолонинг бомдодни тонг чоғи ўқишни фарз қилгани замирида катта ҳикматлар яширин.
Буни уламоларимиз тушунтириб берганлар. Жумладан, тонг чоғи бандаларга кунлик ризқ улашилади. Вақтли турганлар шу ризқдан баҳраманд бўлади ва кеч уйғонганлар уларнинг насибасига шерик бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги уйқу ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
Тонгда туришнинг фойдали жиҳатларини турли давлатлар олимлари бир неча тадқиқотлар ўтказиб исботлашди ва бу изланишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Олий таълимда таҳсил олаётган талабалардан қайси бири юқори баҳо олади: бутун тун давомида ухламасдан, тонггача дарс қилиб чиқадиганларми ёки тунда тиниқиб ухлаб, тонгда тетик туриб дарсга кўтаринки кайфиятда келадиганларми?
Акдениз университети доценти Н.Toкташ ва ҳамкасблари тадқиқотига кўра, тонгда турадиганлар руҳан ва жисмонан энг серғайрат бўлишлари ҳамда ўзларини кун бўйи жуда яхши ҳис этишлари ва яхши ўзлаштиришлари аниқланди.
Робия ДАМИН қизи
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws