Бола қалбига йўл очувчи дақиқалар
Оила – ҳар биримиз учун биринчи мактаб, унинг илк устози эса оналаримиздир. Бола дунёни айнан онаси орқали танийди. Она болани фақат озиқлантириб, кийинтирибгина қолмай, унинг қалбини ҳам тарбиялайди. Боланинг тилидан чиқадиган сўз, юрагидаги ҳис онасининг меҳри ва муомаласи орқали шаклланади.
Муқаддас динимизда ҳам она улуғланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишни амр этган: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Анкабут сураси, 8-оят). Бу амрда, аввало, онага бўлган эҳтиром назарда тутилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” (Имом Қузоий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Бу ҳадисни ҳазрат Алишер Навоий жуда таъсирли қилиб шарҳлаган:
“Жаннат равзасию боғлари оналар оёғи остидадир, лекин равзани кўрмоқ ва ундан баҳраманд бўлмоқ бахтига эришмоқни истар бўлсанг, оналар оёғи остида тупроқ.
Албатта, онанинг оила ва фарзанд ҳаётидаги хизмати беқиёс. Лекин бугунги кунда оналар олдида янги синовлар ҳам кўпайди. Телефон, интернет ва ижтимоий тармоқлар болаларимизнинг вақтини, диққатини ўзига жалб этмоқда. Айрим пайтларда фарзанд билан гаплашишга ҳам вақт тополмай қоляпмиз. Шунинг учун ҳам она ҳушёр, фарзандига яқин бўлиши, унинг дардини эшитиб туриши жуда муҳим.
Маҳаллаларга чиқиб оналар билан суҳбатлашганимизда кўп ибратли гапларни эшитамиз. Яқинда туманимизнинг Остона маҳалласида бир ўқитувчи она шундай деди:
- “Ҳар кеч болаларим билан ўтириб суҳбатлашамиз. Китоб ўқиймиз, фикр алмашамиз. Телефонга эҳтиёж қолмайди”.
Яна бир она эса:
- “Болам билан ҳар куни ўн беш дақиқа суҳбатлашаман. Унинг орзу-истакларини билгим келади”, – дейди.
Ана шу ўн беш дақиқа боланинг қалбига йўл очиб беради. Она меҳрибон бўлиши керак, албатта. Лекин меҳрнинг ҳам меъёри бўлиши шарт. Ҳаддан ортиқ эркалатилган бола ҳаётга тайёр бўлмайди. Турли синовлар олдида ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Фарзандларни эътиборсиз ҳам қолдириб бўлмайди. Она фарзандига вақт ажратиб, уни тинглаб, ўрни келганда талаб ҳам қўя билиши керак.
Болаларнинг меҳнатсевар бўлиши бежиз эмас. Улар онасининг эрта тонгдан ҳаракатда юрганини кўриб улғаяди. Бугун эса шу меҳнатга китоб ўқишни, миллий қадриятлар ҳақида суҳбатлашишни қўшиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб қолди. Айниқса, қиз бола тарбияси она учун энг катта масъулият. Қиз эртага бир оиланинг бекаси бўлади. Бугун унга қандай тарбия берилса, эртага у ҳам болаларига шундай тарбия беради.
Маҳаллаларимизда эса қизларини илмли, одобли, ҳунарли қилиб ўстираётган оналарнинг кўплиги қувонарли ҳол, албатта. Бу эса миллатимиз келажагига қўйилаётган сармоядан дарак беради. Хулоса қилиб айтганда, фарзанд, жумладан, қиз бола тарбияси биргина оиланинг иши эмас. Бу бутун миллат келажаги билан боғлиқ масала. Фарзанд иймонли, тарбияли ва илмли бўлса — жамиятимизнинг ютуғи. Шу боис оналарни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдамчи бўлиш, дуода эслаш барчамизнинг инсонийлик бурчимиз саналади.
Гулчеҳра РАҲИМОВА,
Денов тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws