Савдонинг тўла-тўкис бўлиш шартлари
Деярли савдо-сотиқ қилмаган одам йўқ. Мужтаҳид уламолар Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардан савдо-сотиққа доир ҳукмларни чиқаришиб, фиқҳий китобларда баён қилишган. Улар савдога бундай таъриф беришган: “Савдо – ўзаро розилик билан молни молга алмаштириш”.
Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно…» деб буюрилади (Нисо сураси, 29-оят).
Динимизда қийматли бўлган ва одамлар рағбат қилиб асрайдиган нарсалар мол ҳисобланади.
Сотувчининг: “Мана шу нарсани сизга фалон пулга сотдим”, деган гапига харидор: “Сотиб олдим”, деса, савдо тамомига етади ва мол харидорники бўлади. Шундан сўнг сотувчи молни харидорга беришдан, харидор эса унинг пулини тўлашдан бош торта олмайди. Харидор биринчи бўлиб: “Мана бу нарсани сиздан фалон пулга сотиб олдим” деганида, сотувчи: “Сотдим” деса ҳам, савдо тугал бўлади. Шунингдек, ҳеч қандай гап-сўзсиз харидор молни олиб, пулини харидорга берса ҳам, савдо дуруст бўлади.
Таъкидлаш жоиз, сотувчи (ёки харидор)нинг савдо ҳақидаги таклиф (ийжоб)ини қабул қилиш сўз ёки ҳаракат (харидор товарни қабул қилиши ёки сотувчи пулни қабул қилиши) билан бўлиши зарур. Таклифдан кейин ҳеч бир ҳаракатсиз, сукут сақлаб туриш савдони қабул қилиш ҳисобланмайди. Чунки сукут сақлаб турган кишига бирор сўзни нисбат бериш дуруст эмас. Бир сотувчи харидорга: “Агар бир ҳафтада сендан жавоб хатини олмасам, буни сенинг қабулинг деб ҳисоблайман ва савдо охирига етган бўлади”, деб хат жўнатса ва харидор жавоб хатини жўнатмаса, бу савдо дуруст бўлмайди. Чунки бу ҳолатда сукут савдони қабул қилиш ҳисобланмайди. Хат ёзувчи ўзича харидорнинг зиммасида бўлмаган нарсани унга юклаб қўя олмайди.
Гунг кишининг савдоси имо-ишора билан бўлади. Ундан ёзиб бериш талаб қилинмайди. Гапира оладиган кишининг ишораси эътиборга олинмайди.
Савдо битими келаси замонни билдирувчи лафзлар билан боғланмайди: “Сизга буни фалон куни сотаман” ёки “Буни сиздан фалон куни сотиб оламан” каби. Савдо ўтган замон ёки ҳозирги замонни англатувчи лафзлар билан бўлади.
Савдо хат ёки вакил орқали ҳам бўлади. Масалан, бир киши: “Сизга фалон нарсани шунчага сотдим”, деб хат ёзиб юборса, уни қабул қилган киши ўша жойда “сотиб олдим”, деса, савдо дуруст бўлади.
Ҳозирги кундаги телефон, факс, телеграф ва компьютер каби замонавий алоқа воситалари ёрдамида юқоридаги шартларга кўра тузилган савдо битимлари ҳам тўғри ҳисобланади. Чунки савдо битими пайтида сотувчи ва харидор бир жойда бўлиши шарт қилинмайди. Фақат ўртада алдов ва фириб бўлмаслиги керак.
Савдода сотувчи ва харидорнинг сўзлари бир-бирига мос бўлиши керак. Масалан, сотувчининг: “Сизга мана бу 10 метр матони 300 минг сўмга сотдим”, деган гапига харидор: “Бу матонинг 5 метрини 150 минг сўмга сотиб олдим” ёки “бу 10 метр матони 250 минг сўмга сотиб олдим” ёки “бу 10 метр матони 30 долларга сотиб олдим”, деса савдо дуруст бўлмайди. Чунки биринчи мисолда таклиф қилинган матонинг ярмини ярим пулига қабул қилди, иккинчи мисолда таклиф қилинган нархдан камига қабул қилди, учинчи мисолда бошқа пул бирлигида (гарчи уларнинг қиймати бир хил бўлса ҳам) сотиб олдим деди ва бу қабул сотувчининг таклифига мувофиқ келмади. Харидорнинг бу гапларига янгидан савдо таклифи сифатида қаралади ва сотувчи қабул қилсагина, боғланади.
(Давоми бор…)
Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws