Ҳалол ризқ баракали келади
Таянч нуқта
Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!” (Нисо сураси 29-оят).
Куни кеча масжидда бир отахон:
«Ўғлим бир корхонада ойлик маошга ишлайди. Аммо, эътибор берсам, кўпинча ойлигидан кўра кўпроқ чиқим қиляпти. “Ҳей бола, маошинг рўзғор, болалар ўқишидан ортмаса, қаердан орттириб катта харажатлар қиляпсан?” десам, “Ота, қўшимча иш қиляпман”, деб тайинли гап гапирмади. Бундан хотиржамлигим йўқолди. Қўлдан келганча ҳалол ва ҳаром луқма ҳақида билганларимни гапирдим. Насиҳатларимни қулоғига илди деган умиддаман. Аммо ризқини ботил йўллар билан топаётганидан хавотирдаман. Маслаҳат беринг, домла», деди.
Отахоннинг бу муаммоси бутун жамиятимиз учун ҳам муҳим. Чунки янгиликларда пора, фирибгарлик ва алдов йўллари билан пул топаётганлар ҳақидаги хабарларни ҳар кун, кунора ўқияпмиз. Бозору дўконларда ёлғон ишлатиб савдо қилаётганларни ҳам кўряпмиз. Бундайлар нафсига эргашиб, ҳалол-ҳаромга эътибор бермай қўйди. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти). Демак, бу иллат кишини икки дунёда хор этади.
Ёдда тутиш лозимки, агар киши ҳаромдан ҳазар қилмаса, луқмалар унга салбий таъсир қила бошлайди ва гуноҳга мойиллик, ибодатларда танбаллик пайдо қилади, қалби қаттиқлашади.
Энг ёмони, бу иллат кишининг оиласига ҳам, яқинларига таъсир қилиши мумкин. Кўпинча ҳаром луқма еган фарзандлар ноқобил бўлиб улғаяди.
Айримлар ҳаром ёки шубҳали йўллар билан бойлик орттиради-да, виждонларига “сув сепиш” учун ўша молларидан садақа, эҳсонлар қилади. Шуниси аниқки, нопок молдан қилинган садақа мақбул эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб, уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ-эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билъакс, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Баъзилар савдода, шерикликда ҳар хил ҳийла-найранглар ўйлаб топишади. Айниқса, савдо-сотиқ вақтида харидорни алдаб, айбли молни асл мол деб сотишади. Бу билан энг оғир гуноҳ қилаётганини, яъни ҳам алдаб, ҳам ҳаром пул топаётганини ўйлаб кўрмайди.
Айримлар “Домла, бир кучли дуо ўргатинг. Негадир дуоларим қабул бўлмаяпти”, деб мурожаат қилишади. Уларга биринчи ўринда луқмани ҳалол қилинг, ҳаромдан тамоман узоқлашинг, деб тушунтирамиз. Шу маслаҳатни олиб, ҳаётини ўзгартирганлар кўп.
Ҳаром тез ва осон келади, лекин қалбни қоронғи қилади. Ҳалол ризқ аксинча, секин келиши мумкин, аммо баракали бўлади. Ботил йўл билан топилган мол кўзни қувнатиши мумкин, аммо унинг ортида хотиржамлик йўқ. Шу боис, ҳар бир мўмин ўз касби, даромади, савдо-сотиқдаги муомаласига синчиклаб назар ташлаши, рўзғорига кираётган ҳар бир чақа қаердан келаётганини назорат қилиши лозим.
Назиржон ҚЎЧҚОРОВ,
Наманган туманидаги “Умарбой ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби