Қариндошлар томон босилган қадам…
Бугун орамиздан энг тез кўтарилаётган фазилат меҳр-оқибат бўлса керак. Аксаримиз фақат ота-она, ака-ука ва опа-сингилларимиз билан алоқада бўламиз, холос. Амаки, тоға, хола, амма, жиян каби қариндошлар билан тўй-маросимларда бирров кўришилмаса, бошқа пайт дийдорлашишга вақт йўқ. Дўсту ёр, биродарлар билан ҳар куни ё ҳафтада, ҳеч бўлмаганда ойда бир йиғиламиз. Аммо бир маҳалла, қишлоқ, туманда яшаб бир-биридан хабар олмайдиган жон-жигарлар қанча?!
Динимиз таълимотида Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиши билан бирга, ота-она ва яқинларга яхшилик қилиш кераклиги ҳам таъкидланади. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга яхшилик қилинг”, дейилган (Нисо сураси, 36-оят). Бу буйруқ ушбу амалнинг нақадар муҳим эканидан далолат беради.
Бошқа бир оятда шундай марҳамат қилинади: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
Демак, мўмин киши доим силаи раҳм қилиши ва охиратда бу ҳақда сўров борлигини англаши керак.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам силаи раҳмни ибодатга тенглаштирганлар. Бир аъробий Набий алайҳиссаломга: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга ибодат қилинг. Унга ҳеч нарсани шерик қилманг. Намозни тўкис адо этинг. Закотни беринг. Силаи раҳм қилинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Аллоҳ билан алоқа намозда, жамият билан алоқа закотда, инсонийлик эса яқинларга яхшилик қилиш ва алоқани боғлашда намоён бўлади. Амр ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Билингки, фарзга босилган қадамдан кейин қариндош томон босилган қадамдан кўра каттароқ ажр келтирувчи амал йўқ”.
Ҳадисларда яхшилик қилишни аввало яқин қариндошлардан бошлаш лозимлиги таъкидланади. Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади: «Бобом: “Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?” деди. У зот: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга. Бу вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мискинга қилинган садақа — бир садақадир. Қариндошга қилинган садақа икки яхшиликдир: садақа ва силаи раҳмдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бу икки яхшиликнинг бири моддий ёрдам бўлса, иккинчиси қариндошлик ришталарига риоя қилиш ва орани мустаҳкам боғлаш ҳисобланади.
Демак, Исломда моддий ёрдамнинг савоби унинг кимга йўналтирилганига боғлиқ. Яқин қариндошга қилинган яхшилик иқтисодий ёрдамдан ташқари, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни сақлаб қолиш ва жамиятда руҳий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Баҳриддин МИРЗАЕВ,
Денов туманидаги “Эшонжон бобо” жоме масжиди имом-хатиби
(Ҳ.Садриддинов тайёрлади).
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws