Очликда ҳақни унутган тўқликда ҳам унутади
Рамазон кечаларидан бирида, саҳар яқинлашганда, Бағдод қозиларидан бири ҳузурига ўзаро низолашган икки киши олиб келинди. Иккаласининг ҳам юзида чарчоқ, очлик сезилиб турар эди. Ҳожиб: “Ҳазрат, шошилинч низо бор, ҳар иккиси ҳам ўз ҳаққини даъво қилмоқда”, деди. Қози уларга назар ташлаб, юзлари сарғайганини кўриб, табассум билан деди: “Очлик вақтидаги низоларда адолат тўла намоён бўлмаслигини билмайсизларми?”
Биринчиси: “Ҳазрат, ҳаққим йўқолган, кутишга тоқатим йўқ”, деди. Иккинчиси эса: “Мен ҳам мазлумман, ҳаққим қайтарилмагунича ухламайман”, деди.
Шунда қози: “Бу мажлисни аввал саҳарлик мажлиси, кейин эса қазо (ҳукм) мажлиси қиламиз”, деди ва таом келтиришни буюрди. Таом келтирилгач, биринчи киши бошини кўтармай, иштаҳа билан ундан ея бошлади. Иккинчиси эса озгина еб туриб: “Алҳамдулиллаҳ, етарли”, деди.
Буни кузатиб турган қози: “Қалам кўтарилди, ҳукм маълум бўлди”, деди.
– Қандай қилиб? – сўради иккиси бирдан.
– Мана бу киши, – деди қози биринчисига ишора қилиб. – Таом билан машғул бўлиб, низони унутди. Агар у ҳақ бўлганида, ҳақ уни таомдан кўра кўпроқ банд қилар эди. Буниси эса нафсини бошқара олди. Ким нафсини бошқара олса, ҳужжатини ҳам мустаҳкам қилади.
Сўнг қози гувоҳлар ва дафтарларни келтиришни буюрди. Ҳамма нарса иккинчи кишининг даъвосини тасдиқлади. Биринчи даъвогар эса: “Ҳазрат, мени очлигим учун айбдор қиляпсизми?” деди эътироз қилиб. Қози унга жавобан: “Йўқ, оч бўлганинг учун эмас, балки оч қолганда ҳақни унутиб қўйганинг учун шундай ҳукм қилдим. Ким очликда ҳақни унутса, тўқликда ҳам уни унутади”, деди.
Сўнг қози ҳозир бўлганларга қараб: “Рамазонда нафслар синовдан ўтади. Ким рўза ҳолида адолатли бўлмаса, тўқ пайтида қандай ишончли бўлади?!” деди. Одамлар: “Саҳарлик билан бошланиб, ҳақ билан тугаган бундай адолатли ҳукмни кўрмадик”, деб тарқалишди.
“Латоифул маориф” асаридан Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws