Келгуси авлодлар муаллимаси
Бир савол ўйга толдиради: Саодат асри аёллари – Хадича, Фотима розияллоҳу анҳумо ва бошқа саҳобия оналар қандай оналик қилганлар? Улар бола тарбиясида ҳар хил услублар ҳақида ўйлашганмиди ёки асосий эътиборни бошқа, асл қадриятларга қаратишганми?
Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, саҳобия аёллар фарзанд тарбиясида энг аввало маънавий асосларга таянганлар. Улар учун оналик, аввало, Аллоҳ томонидан берилган омонат ва масъулият эди. Боланинг жисмоний эҳтиёжларидан олдин унинг қалби, ахлоқи ва иймонига эътибор берилган. Шу сабабли улар майда тафсилотлар ортидан қувишни эмас, балки тарбиянинг моҳиятини устувор билганлар.
Зеро, ҳомиладор она аввало ниятини, кейин иймон ва ибодатини, ундан сўнг ахлоқ ва руҳиятини, кейин эса фарзанд тарбияси илмини ўрганиши лозим бўлади. Негаки, Ислом таълимотида она – фарзанднинг биринчи устози, биринчи мураббийси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳомиладор аёл ўзини нафақат бола кутаётган она, балки келажак авлодни тарбиялаётган муаллима сифатида ҳис этмоғи лозим.
Оналик табиатан кучли ҳиссий боғланишларга асосланади. Она ҳали гапира олмайдиган чақалоқнинг эҳтиёжини англайди, унинг ҳолатини юзи ва ҳаракатларидан сезади. Бу туйғу йиллар ўтиб ҳам сақланиб қолади. Бироқ замонавий ҳаётда оналикнинг касбга айланиб бораётгани, тарбияда ҳиссий яқинлик ўрнига меъёр ва қоидаларни биринчи ўринга қўйиш ҳолатлари ушбу табиий фазилатнинг сусайишига сабаб бўлмоқда.
Ислом таълимотига кўра, ҳақиқий ҳикмат инсоннинг Раббига яқинлиги билан боғлиқ. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бирингиз масъулсиз ва ҳар бирингиз ўз қўли остидагилар ҳақида сўралади. Аёл эрининг уйида масъулдир ва қўли остидагилар ҳақида жавобгардир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Мазкур ҳадис оналикнинг фақат ҳиссиёт ёки тажриба эмас, балки улкан маънавий масъулият эканини кўрсатади. Она Аллоҳга қанчалик таслим бўлса, ҳалол луқма ва ихлос билан яшаса, илоҳий ёрдам ва ҳикматга шунчалик мушарраф бўлади.
Бугун эса Раббимиздан узоқлашганимиз сари ҳикматдан ҳам бебаҳра бўлиб, тарбияда шубҳа ва хавотирлар ичида қолмоқдамиз. Нима тўғри, нима нотўғри эканини ҳис этсак-да, қатъий тўхтамга кела олмаяпмиз. Аслида фарзандларимиз бизга Аллоҳнинг омонати. Бизнинг вазифамиз — уларга меҳр бериш, имконимиз борича тўғри тарбия қилиш ва яхши натижани Раббимиздан ҳар доим ихлос билан илтижо қилиб сўрашдир.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws