МАСХАРАЧИНИНГ ҲАЛОКАТИ
“Одамлардан Аллоҳ ҳақида илмсиз (ҳолда), ҳидоятга ёки нурли китобга эга бўлмасдан туриб тортишадиганлари бор” (Ҳаж сураси, 8-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишганлари ва бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор” (Ҳаж сураси, 3) ояти Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлганини айтганлар.
Муфассирлар: «Ҳаж сураси 3- ва 8-оятлари маъно жиҳатидан бир-бирига яқин бўлиб, таъкид ва танбеҳ учун такрор келган. Бу худди бирор кишига танбеҳ бериш мақсадида: “Буни сен қилдинг! Буни сен қилдинг!” дейиш кабидир», деганлар.
Айрим уламолар эса: “Оятларда Назр ибн Ҳориснинг қилмишлари бирин-кетин айтилган. Назр ибн Ҳорис Аллоҳ таоло тўғрисида тортишмоқда ва саркаш шайтон йўлига эргашмоқда. У ҳақ йўлдан адаштириш учун ҳидоятга ва нурли китобга эга бўлмасдан, Аллоҳ таоло борасида тортишмоқда”, дейишган. Баъзи уламолар эса: “(Назр ибн Ҳорис) дастлаб қайта тирилишни, иккинчиси эса нубувватни, сўнг Қуръони каримнинг Аллоҳ томонидан туширилганини инкор этмоқда”, дейишган.
Назр ибн Ҳорис ибн Алқама Набий алайҳиссаломга тиш-тирноғи билан қарши чиқиб, у зотга қаттиқ душманлик қилган ўта баджаҳл, ҳаддан ошган мушрик ва нодон кимса эди. Назр Расулуллоҳ алайҳиссаломни масхара қилиш учун Ироқ, Шом ва Форс ўлкаларига сафар қилиб, турни қисса, ҳикоя ва афсоналарни йиғди. Форс қаҳрамонлари Рустам, Исфандиёр ҳақида маълумотларни тўплади. Ҳийрага бориб “Калила ва Димна” каби китобларни ўқиди. Яҳудий ва масиҳийлардан Таврот ва Инжил ҳамда турли афсоналарни эшитди.
Маккага қайтгач, одамларга ўрганган қисса ва ҳикояларини сўзлаб берди, сўнгра: “Муҳаммаднинг гап-сўзларининг мен айтганларимдан нима фарқи бор?” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар сафар одамларни Исломга чақириб, Қуръон ўқиб, Од ва Самуд каби ўтган қавмларнинг ҳолидан огоҳлантирганларида Назр ҳам ўша жойда ҳозир бўлар ва одамларга Рустам ва Исфандиёр ҳақидаги ҳикояларни гапирар ва: “Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳга қасам, мен ундан кўра яхшироқ, энг зўрларини сизларга айтиб бераман”, дерди.
Кейинчалик шундай ишга қиссахонлик қиладиган одамларни ёллайдиган бўлди. Бир сафар у Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одамларга Қуръон ўқиб бераётганларини эшитиб қолди ва: “Биз буни эшитдик, агар хоҳласак, худди шундай сўз айта оламиз. Унинг гап-сўзлари афсонадан бошқа нарса эмас. Уларни ёздириб олган”, деди. Кейин қуйидаги оят нозил бўлди: «Уларга оятларимиз тиловат қилинса: “Батаҳқиқ, эшитдик, агар хоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас”, дейдилар» (Анфол сураси, 31-оят).
Яна бир сафар у Набий алайҳиссаломни мулзам қилиш мақсадида: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўраганида ҳам оят нозил бўлди: «Сиздан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. “Унинг илми фақат Раббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қилади. У осмону Ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келади”, деб айтинг…» (Аъроф сураси, 187-оят).
Назр ибн Ҳорис ажамлар юртида ва Ҳийрада аския ва қўшиқ куйлашни ўрганди. Маккага келиб, одамларга ҳам шуларни ўргатди. У пайтда қурайшликлар фақат туяларга атаб айтиладиган “насб” қўшиғини биларди. Айтишларича, у уд (мусиқа асбоби)да форс ашулаларини айтган биринчи кишидир. Кейинчалик Назр ҳақида қуйидаги ояти карима нозил бўлди: “Одамлар орасида (ўзлари) илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва уни (йўлни) мазах қилиш учун беҳуда сўзини сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшалар учун хорловчи азоб бор” (Луқмон сураси, 6-оят).
У: “Муҳаммаднинг айтганлари фақат ўтганларнинг афсоналаридир”, деди. Саҳоба Усмон ибн Мазъун: “Аллоҳдан қўрқ, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақни айтяптилар”, деб унга танбеҳ берди. Назр жавобан: “Мен ҳақни айтяпман”, деди. Усмон: “Албатта, Муҳаммад Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ дейди”, деди. Назр: “Мен ҳам Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, дейман. Лекин булар Аллоҳнинг қизларидир!” деб Уззо, Лот ва Манот каби бутларни назарда тутди. Бу унинг Аллоҳ таоло ҳақида тортишиши эди.
Муфассирлар қуйидаги оятларнинг барчаси Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган деганлар:
- “Азобимизнинг тезроқ келишини истайдиларми?!” (Шуаро сураси, 204-оят);
- «Батаҳқиқ, биламизки, албатта, “Унга фақат башар таълим бермоқда, холос”, дерлар» (Наҳл сураси, 103-оят);
- «Куфр келтирганлар: “Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи уйдириб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар”, дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар» (Фурқон сураси, 4–5-оятлар).
Яна уламолар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп ёмонлик қилгани боис ўзи ҳақида ўндан ортиқ оят нозил бўлган ягона кимса бу Назр ибн Ҳорис”, дейишган.
“Тафсири Қуртубий” ва бошқа манбалар асосида Бахмал туманидаги “Боболҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Абдусаттор БЕКҚУЛОВ тайёрлади.
(Ю.Комилова уюштирди).