Ал-ъАлим
Ал-ъАлим — Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири. У (Аллоҳ таоло) ҳамма нарсаларни: бўлганни, бўладиганини, бўлмаганни, очиқ ва яширин нарсаларни, сирларни, нарсаларнинг нозик жиҳатлари ва ҳақиқатларини билади. Аллоҳ таолога Ердаги ва осмондаги бирор нарса номаълум эмас.
Мулк сурасида шундай дейилади: “Сиз сўзингизни пинҳон тутинг ёки ошкора қилинг (барибир), албатта, У диллардаги сирларни билувчидир. Яратган зот (Ўзи яратган нарсаларни) билмасми?! У (ҳамма нарсадан) огоҳ ва билувчидир” (13–14-оятлар).
Бу оятлар ҳамма инсонларга хитобдир. Яъни сизнинг сўзларингиз ва ишларингиз қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло билади. Шунинг учун гуноҳ қилишдан тийилинг.
“Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билади. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам), уни билади. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси, 59-оят).
Ғайб нарсаларни фақат Аллоҳ таоло билади. Пайғамбарлар орасидан баъзиларига Аллоҳ таоло айрим ғайбларни (ваҳий орқали) билдирган. Ерда ёки осмонларда зарра миқдоридаги, ҳатто ундан ҳам кичик ёки катта бўлган бирор нарса Аллоҳ таолонинг илмидан махфий эмас.
Аллоҳ таоло кўзларнинг хиёнатини ҳам, қалбларда сақланаётган ният ва фикрларни ҳам билади. Шунинг учун инсон фақат ташқи амалларини эмас, балки ниятларини ҳам яхшилаши, қалбини разолатлардан поклаши лозим.
Рўзимуҳаммад ВАҲОБОВ,
Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан