Насаб, эмизиш ва никоҳ билан маҳрамлик
Никоҳ пайғамбарлар суннати бўлиб, у зотларнинг барчалари оила қуришган ва ўзларидан зурриёт қолдиришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида: “Никоҳ менинг суннатимдир…” (Имом Байҳақий ривояти), деганлар. Зеро, никоҳ орқали қариндошлик алоқалари боғланади ва бунинг ортидан инсонлар ўртасида яқинлик – маҳрамлик собит бўлади. Баъзилари абадий маҳрам бўлса, бошқалари вақтинчалик маҳрам ҳисобланади.
Ҳар бир эр-хотин ёки оила қуриш арафасида бўлган ёшлар аниқ билиши керак бўлган маҳрамлик масалаларини тўрт қисмга бўлиш мумкин:
1. Насаб туфайли маҳрамлиги собит бўлганлар
Насаб йўли билан маҳрамлиги (никоҳи абадий ҳаром қилинган) собит бўлган аёллар (эркаклар учун):
- Ота-она (қанча юқориласа ҳам, барча бобо-бувилар);
- Ўғил-қиз (қанча пастласа ҳам, барча набира-чеваралар);
- Ака-ука ва опа-сингиллар (туғишган ёки ота бир ё она бир бўлса ҳам);
- Амаки ва аммалар (туғишган ёки ота бир ё она бир бўлса ҳам);
- Тоға ва холалар (туғишган ёки ота бир ё она бир бўлса ҳам);
- Ака-уканинг қизи (жиянлар);
- Опа-сингилнинг қизи (жиянлар).
2. Эмизиш йўли билан маҳрамлиги собит бўлганлар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Насаб туфайли никоҳи ҳаром бўлганлар эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, бир аёл бегона болани эмизса, ўша ўғил ёки қиз бола эмизган аёлнинг эрига ҳам фарзанд саналади. Чунки аёлнинг сути эридан (яъни турмушга чиқиб, фарзанд кўргани туфайли) собит бўлгандир.
3. Никоҳ асосида маҳрамлиги собит бўлганлар
Бу тоифага никоҳланиш орқали қариндош бўлган ва никоҳи абадий ҳаром қилинганлар киради:
- Ўгай она (ўгай момолар ҳам);
- Келин (ўғилнинг ёки набиранинг хотини);
- Қайнона (ва унинг оналари);
- Ўгай қиз (аёл кишининг аввалги никоҳидан бўлган фарзанди, агар эр-хотин яқинлик қилган бўлсалар).
4. Никоҳи вақтинча ҳаром бўлганлар
Бир эркак хотинининг опа-синглисидан бири билан бир вақтнинг ўзида турмуш қуролмайди. Бу ҳолатда опа-сингил туғишган, ота бир ёки она бир эканининг фарқи йўқ. Қайнсингил почча билан сафарга чиқа олмайди, чунки почча абадий маҳрам эмас. Фақат никоҳи вақтинча ҳаромдир.
Демак, эркак киши бир никоҳда қуйидаги аёлларни жамлай олмайди:
- Хотини ва унинг опа-синглисини;
- Хотини ва унинг холасини;
- Хотини ва унинг аммасини;
- Хотини ва унинг жиянларини (ака-ука ёки опа-сингилларининг қизларини).
Муҳим эслатма: Муслима аёл фақат мусулмон эркакка турмушга чиқади. Бошқа дин вакили билан никоҳланмайди. Агар бошқа диндаги эркакка никоҳланса, бу никоҳ ботил ҳисобланиб, шаръан зинокор ҳукмида бўлади.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРАГИМОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws