Меҳрнинг кучи
Туркия бўйлаб саёҳатимизнинг иккинчи куни тонгда Истанбулдан Анталияга жўнадик. Автобус ойнасидан гўзал манзаралар кўзга ташланарди. Тушлик пайти йўл бўйидаги ошхонада тўхтадик. Таомлар тортилгунча турк қаҳваси ва пишириқларидан татиб кўрдик.
Қўшни столдаги шерикларига инглизча гапираётган ёш қиз менга қараб ўзбек тилида тутилиб-тутилиб:
– Пардон, сиз… Узбекистан, узбек?.. – деди.
Бошимдаги Марғилон дўппидан тусмоллади, шекилли. Ўзбеклигимни эшитиб, жилмайди. Сафар таассуротлари, шаҳардаги қадимий ёдгорликлар ва тоғ йўллари ҳақида суҳбатлашдик. “Сайёҳлар учун вақт эмас, жой муҳим”, дедим инглизчалаб. Қиз ҳайратланиб:
– Машааллоҳ, сиз инглизже билиёрмусунуз? – деди.
Тушлик тугагач, яна йўлга тушдик. Йўлнинг икки томонида ишкомлар, поёнсиз узумзорлар. Биз бу ерларда узум етиштирилмайди, деб ўйлар эканмиз. Йўл бошловчимиз Латиф автобусда сайёҳларни зериктирмасликка ҳаракат қилар, Анталия тарихидан қизиқарли маълумотлар берарди. У хушчақчақ ва сўзамол бўлиб, ҳаммага ўзгача меҳр билан қарарди.
Бир пайт олдинда кетаётган полиция патрул машинаси тўхтади. Инспектор машинадан илдам тушиб, йўл ўртасида турган болага яқинлашди. Боланинг икки тарафдан келаётган машиналардан чўчиб, трассадан ўта олмаётганини кўриб, унинг қўлидан ушлаб, патрул машинасига ўтқазди. У томонга бош эгиб, меҳрибонлик билан нималардир деди. Кейин сув ва қанд узатди. Автобусдагилар ҳайрон ва хавотирда эди.
Бу ҳолатга Латифнинг изоҳи барҳам берди:
– Ташвишланарли ҳеч нарса йўқ. Бу ерда инспекторлар болаларни хавфдан асраш учун шундай қиладилар. Болани маҳкамага эмас, уйига олиб боришади. Инспекторнинг вазифаси – фақат тартиб сақлаш эмас, меҳр ҳам кўрсатиш.
Биз ҳамон уларни кузатар эдик. Инспектор яна машинасига ўтирди ва болани ҳам олиб юриб кетди. Энди ҳаммамиз унга ўзгача ҳурмат билан қарай бошладик. Бундай инсоний меҳр бизда атрофдаги гўзалликдан ҳам ёқимлироқ таассурот уйғотди…
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ, Қува тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws